Бош прокуратура ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган ота ва набираларнинг қўлларида «Шифокорлар сабаб биз онасиз қолдик, битта укол билан ўлдирди. Дўхтирлар ўлдирди» деган ёзув билан қилинган мурожаатлари юзасидан муносабат билдирди.

Фото: Telegram/ @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 16 март куни Навоий вилоят перинатал маркази гинекология бўлимига 12 ҳафталик ҳомиласининг нобуд бўлганлиги билан мурожаат қилган Навбаҳор тумани Ўзбекистон МФЙда яшовчи, 1985 йилда туғилган О.Ф «Ҳомиладорлик 4. 14-хафта 4-кун Туғруқ 3. Ривожланмай қолган ҳомила» ташхиси билан қабул қилинган.

Бемор бўлимда даволаш-ташхислаш стандартлари асосида тўлиқ текширувлардан ўтказилиб, ҳомиланинг уч хафтадан ортиқ ривожланмай қолганлиги, умумий қон таҳлилида лейкоцитлар миқдори нормадан ошганлиги инобатга олиниб, септик асоратларнинг олдини олиш ва антибиотико-профилактика мақсадида «Цефтриаксон» дори воситасининг 1,0 грами мушак орасига синамасидан сўнг инъекция ўтказиш тавсия берилган.

Шундан сўнг, яъни 2021 йил 16 март куни соат 17:50 лар атрофида муолажа ҳамшираси томонидан ушбу дори воситаси билан ўнг билак соҳасига синама қўйгандан кейин тўсатдан анафилактик реакция, анафилактик шок ва клиник ўлим ҳолати кузатилган. Ўтказилган тезкор реанимацион чора-тадбирлардан сўнг юрак фаолияти тикланиб, реанимация бўлимида узайтирилган суъний нафас бериш аппаратида интенсив даво муолажалари давом эттирилган.

Даволаш жараёнида 17, 23 ва 25 март кунлари Ўзбекистоннинг малакали анестезиолог ва реаниматологлари томонидан кўрилиб, керакли тавсиялар берилган ва буюрилган тавсиялар асосида даво муолажалари олиб борилган. Ўтказилган интенсив даво муолажаларига қарамасдан 2021 йил 25 март куни бемор О.Ф.да биологик ўлим қайд қилинган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбарининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Навоий шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, текширишда судга оид комиссион тиббиёт экспертизаси тайинлангани ҳамда натижалари ҳақида хабар қилиниши қайд этилган.

Аввалроқ Қашқадарёда 8-синф ўқувчисининг фарзандли бўлгани айтилган хабарларга изоҳ берилганди.