Шарқий экспресс. Истанбул канали атрофидаги можаролар, Иорданиядаги сиёсий инқироз

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Истанбул канали лойиҳаси орқали нимани мақсад қилган? Унга мурожаат қилган генераллар нега ҳисбга олинди? Иорданиядаги давлат тўнтариши ҳақидаги хабарлар асослими? Вазият изига тушиб кетдими? Шу каби саволларга анъанавий «Шарқий Экспресс» рукнимизда ўқишингиз мумкин.

Истанбул канали ва ҳибсга олинган нафақадаги адмираллар

Фото: «Courriel International»

Ҳафта бошида барчанинг диққат маркази Туркияга қаратилди. Сабаби 5 апрель куни 10 нафар собиқ адмирал мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Истанбулда Қора денгизни Мармар денгизи билан улайдиган янги канал қуриш лойиҳасини танқид қилгани учун ҳибсга олингани хабар қилинди. Мазкур лойиҳага қарши норозилик намунаси сифатида 104 нафар адмирал президентга очиқ хат йўллаган. Ҳибсга олинган адмираллар ҳам имзо қўйганлар орасида бўлгани айтилмоқда.

Адмиралларнинг норозилигига сабаб шуки, ушбу лойиҳа амалга оширилса, у денгизлардаги кемалар ҳаракати эркинлигига таҳдид солиши айтилган. Адмиралларнинг бундай ҳаракати эса Туркия ҳукумати томонидан «давлат тўнтаришига уриниш», дея баҳоланди. Уларга қарши жиноий иши очилди ва суриштирув олиб борилмоқда.

Мазкур ҳодисага муносабат билдирар экан, мамлакат Парламенти раиси Мустафа Сентоп «ўз фикрини баён қилиш билан давлат тўнтариши ва таҳдид оҳангида очиқ хат ёзишнинг фарқи борлиги»га урғу берди.

Туркия адлия вазири Абдулҳамид Гул «миллат хоҳиш-истакларидан юқори ҳеч қандай куч мавжуд эмаслиги»ни таъкидлаган бўлса, президент матбуот котиби Фаҳреттин Альтун «нафақат имзо қўйганлар, балки уларни мазкур ишга даъват этганлар ҳам қонун олдида жавоб бериши»ни таъкидлаган ўзининг Twitter’даги саҳифасида.

Муаммо нимада?

Панама ва Сувайш каналига ўхшаш Истанбул канали қурилиши ҳақидаги қарор эълон қилингандан кейин кўпчилик бўғозлардаги ҳаракатни тартибга солувчи Монтрё конвенциясининг тартиблари бузилишидан хавотирга туша бошлади. 1936 йилда имзоланган мазкур конвенцияга мувофиқ, Дарданел ва Босфор бўгозида фуқаролик кемаларининг эркин ҳаракат қилишлари белгилаб қўйилган. Конвенция, шунингдек, мазкур бўғозлар орқали Қора денгизга туташ бўлмаган давлатлар кемаларининг ҳаракатланишига чекловлар ўрнатган.

Мазкур чақириқлар ортидан Туркия президенти Эрдўғон Туркиянинг Монтрё конвенциясига тўлиқ амал қилишда давом этишини ва уни бузадиган ҳеч қандай ҳаракатлар бўлмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, давлат манфаатлари тақозо қилганда, бу ишни ҳам амалга ошириши мумкинлигини қўшимча қилди.

Фото: «Courriel International»

Янги каналга зарурат борми?

«Оламшумул лойиҳа» деб таърифланаётган мазкур канал қурилиши орқали Туркия Истанбулнинг аҳамиятини янда ошириб, Босфор бўғозидаги тирбандликларнинг олдини олиши кутилмоқда. Аммо унга қарши бўлганлар лойиҳанинг қимматлиги ва иқлим ўзгаришларига сабаб бўлишини айтмоқда. Жумладан, мухолифатдаги CHP партиясидан Экрем Имамоғлу ҳам лойиҳанинг энг ашаддий мухолифларидан бири бўлмоқда.

Адмиралларнинг ҳибсга олинишига асл сабаб нима?

Маълумки, Туркия ўз тарихи давомида бир неча бор ҳарбий давлат тўнтаришларига тўқнаш келган. Жумладан, 1960–1980 йиллар орасида мамлакатда уч марта давлат тўнтариши амалга оширилган. Мендерес, Тургут Ўзал каби лидерлар суиқасд қурбони бўлган. 2016 йилда давлат тўнтаришига уриниш эса муваффақиятсиз тугаган бўлса-да, Туркия ҳукуматининг ҳушёрлигини оширгани бор гап. Айнан мана шундай ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида адмираллар ҳибсга олинган бўлиши мумкинлиги ҳам истисно этилмаяпти.

Россия нимадан хавотирда?

Туркия президентининг ушбу лойиҳасини фақатгина мамлакат ичидагилар эмас, балки ташқаридагилар ҳам хавотир билан қарши олган. Москва доим НАТОга тегишли ҳарбий кемаларнинг Қора денгизда пайдо бўлишидан хавотирда бўлиб келган. Мазкур канал эса НАТО кемалари учун Қора денгизга йўл очиши мумкин.

Иорданиядаги сиёсий инқироз ниҳоясига етдими?

Олдинги ҳафта охирида Яқин Шарқда яна бир сиёсий инқироз юзага келиш арафасига келиб қолган эди. Иордания собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ҳамза ва яна йигирмага яқин амалдор давлат тўнтариши хавфи остида ҳибсга олинган эди. Ҳибсга олинганлар сўроқ қилинган. Жумладан, шаҳзода Ҳамза ҳам сўроқ пайтида ўзининг айбсизлигини таъкидлаган. Шунингдек, 5 апрель куни қирол Абдуллоҳ II у билан кўришган ва Ҳамза унга содиқлигини эътироф этган.

Фото: «BBC»

7 апрель куни қирол Абдуллоҳ II халққа мурожаат қилган. Ўз мурожаатномасида у мамлакатни хавотирга солган инқироз ниҳоясига етганини маълум қилган. Мамлакат телевидениеси унинг мурожаатномасини ўқиб эшиттирган. Қирол мазкур воқеа унинг қалбини оғритганини, сабаби ҳодисага ўз оила аъзоларига алоқадор кишилар эканини айтган. Шаҳзода Ҳамза ҳақида гапирар экан, унинг айни пайтда ўз саройида қирол ҳимоясида эканини таъкидлаган.

Мамлакат мазкур ҳодисалар билан овора экан, халқаро ҳамжамият, ҳамкор давлатлар Иордания ҳукуматини қўллаб-қувватлашини маълум қилиб, баёнотлар берган эди. Жумладан, қирол 7 апрель куни пойтахт Омманда Еврокомиссия раиси Урсула Вон дер Леен билан учрашган. Вон дер Леен эса, ўз навбатида, Twitter’да ЕИ Иордания ҳукумати билан ҳамкорликда давом этишини маълум қилган.

Яқин Шарқда ҳозирча шулар. Дунёнинг энг қайноқ нуқтасидаги муҳим хабарларни ўтказиб юборишни истамасангиз, «Bugun.uz»да қолинг ва «Шарқий экспресс» рукнини ўқишда давом этинг.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади

Қуддусдаги синагога ёнида содир бўлган отишмада 7 киши ўлдирилган ва 10 киши яраланган
Янгиликлар11:43 | 28.1.23
Қуддусдаги синагога ёнида содир бўлган отишмада 7 киши ўлдирилган ва 10 киши яраланган
Тошкент ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғини ишдан олди
Янгиликлар11:21 | 28.1.23
Тошкент ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғини ишдан олди
Абдумавлон Қосимов Тошкент шаҳар депутати лавозимидан озод қилинди
Янгиликлар10:59 | 28.1.23
Абдумавлон Қосимов Тошкент шаҳар депутати лавозимидан озод қилинди
ДХХ Human.uz нашрининг раҳбарияти билан боғлиқ иш юзасидан қўшимча маълумот берди
Янгиликлар19:01 | 27.1.23
ДХХ Human.uz нашрининг раҳбарияти билан боғлиқ иш юзасидан қўшимча маълумот берди
Human.uz нашри раҳбарияти «орган ходимлари» томонидан қўлга олиниши юзасидан қўшимча маълумот берилди
Янгиликлар18:42 | 27.1.23
Human.uz нашри раҳбарияти «орган ходимлари» томонидан қўлга олиниши юзасидан қўшимча маълумот берилди
Human.uz нашри раҳбарияти «орган ходимлари» томонидан қўлга олинди. Улар товламачиликда гумонланмоқда
Янгиликлар16:38 | 27.1.23
Human.uz нашри раҳбарияти «орган ходимлари» томонидан қўлга олинди. Улар товламачиликда гумонланмоқда