Орол денгизига саёҳат, Мьянмада халқ намойишлари, Қоҳирада Рамазон арафаси, шаҳзода Филипп вафоти — ҳафтанинг энг сара суратлари
«Bugun.uz» дунёнинг турли бурчакларида олинган ҳафтанинг энг сара суратларини тақдим этади.

ХХ асрнинг энг фалокатли фожиаларидан бири ҳисобланган Орол денгизининг қуриши натижасида денгизда қолиб кетган кемалар. Бу ҳудуд «Кемалар қабристони» деб аталади.


Апрель ойи ўтиб борар экан, баъзи бир ҳудудларда ҳамон қиш ҳукмронликни беришни истамаётгандек. 7 апрель куни Германиянинг бир қатор ҳудудларида қор ёғди. Ёққан қор ерни оппоқ тусга буркади.

Мисрнинг Луксор шаҳрида археологлар томонидан уч минг йиллик тарихга эга деб тахмин қилинаётган сирли шаҳар топилди. Шаҳардан кўплаб ашёлар топилган. Тахминларга кўра, шаҳар қадимги Миср подшолигида ҳукм сурган Аменҳотеп III даврига оид. Археологлар уни 1922 йилда топилган Тутанҳамон мақбарасидан кейинги энг йирик топилма деб ҳисобламоқда.

Сўнгги ҳафталар ичида Исландияда бир нечта вулқон отилиши содир бўлди. Шундай вулқонлардан бири 6 минг йил ўтиб отилган эди. Ўзига хос гўзаллик яратган мазкур жараённи томоша қилиш учун ҳар доимгидек одамлар ҳодиса жойига етиб келди.

Коронавирус кўплаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлаётгани сир эмас. Суратда касаллик оқибатида вафот этган фаластинлик эркак яқинлари томонидан дафн этилмоқда.

2019 йилда Хитойда тарқалишни бошлаган, 2020 йилда бутун дунёга тарқалиб кетган коронавирус келтириб чиқарган касаллик ҳамон ўз кучини кўрсатмоқда. Дунё ҳамон пандемия билан курашни давом эттирмоқда. Коронавирусга қарши кураш тадбирлари доирасида ресторанда махсус хоналарда тановул қилаётган жуфтлик.

Буюк Британия пойтахти Лондонда полиция жиноятларига қарши «Kill the Bill» номли норозилик акцияси давомида телефон буткасини уришга тайёргарлик кўраётган намойишчи.

Мексикадан Техасга қайиқларда етиб келган мигрантларга АҚШ ҳарбийлари ёрдам кўрсатмоқда.

Рамазон ойи эшик қоқиб келмоқда. Бутун мусулмон дунёсида ушбу барака ойига тайёргарлик ишлари авж палласига кирмоқда. Жумладан, Миср пойтахти Қоҳира шаҳри кўчалари ҳам анъанавий Рамазон чироқлари билан безатилди. Рамазон ойи арафасида Мисрда чироқлар савдоси кенг тусга киради.

Мьянмада февраль ойидан буён давом этаётган давлат тўнтаришига қарши норозилик намойишларида қатнашаётган халқ отрядлари.

Мьянмада февраль ойидан буён давом этаётган давлат тўнтаришига қарши халқ норозилик намойишлари пайтида ёниб турган гулхан ёнидан ўтиб кетаётган велосипедчилар.

Шифокорлар альянси касаба уюшмаси аъзоси ва Россия мухолифат лидери Алексей Навалнийнинг шахсий шифокори Россия полицияси томонидан ҳибсга олинди.

Пандемия сабаб бутун дунёда кўплаб соҳалар инқироз ёқасига келиб қолди. Туризм, мода саноати каби соҳалар катта йўқотишга учради. Режалаштирилган кўргазмалар бекор қилинди. 9 апрель куни узоқ танаффусдан сўнг «Madrid Fashion Week» модалар ҳафталиги ўз ишини бошлади.

Покистонда коронавирусга қарши кураш тадбирлари доирасида мамлакатдаги масжидлар тозаланди. Мамлакатда дам олиш кунлари ташқарига чиқиш тақиқлаб қўйилган.

Португалияда коронавирусга чалинган беморларни даволаш муассасасида даволанаётган беморларга гитарада қўшиқ куйлаб бераётган шифокор.

10 апрель куни Буюк Британия қироличаси Елизавета II’нинг турмуш ўртоғи, Эдинбург герцоги шаҳзода Филиппнинг вафоти муносабати билан мамлакат бўйлаб артиллериядан тўплар отилди. Дафн маросими 17 апрель кунига мўлжалланган.

Қуръонни тахта бўлакларга ёзилган саҳифалари орқали ўрганаётган мавританиялик болаларга Туркия диёнат вақфи тарафидан Қуръон мусҳафлари тарқатилди.