АОКАда бўлиб ўтган брифингда коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов апрель ойининг охири–май ойининг бошларида «Спутник V» вакцинасидан маълум миқдорда олиб келинишини маълум қилди. Бу ҳақда брифингда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан биргаликда Россиядан «Спутник V» вакцинаси харид қилиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда. Мазкур вакцинадан ҳам апрель ойининг охири ёки май ойининг бошида маълум миқдорда олиб келиниши ва мамлакат аҳолисини 3 та вакцина билан ҳам эмлашни бошлаш кўзда тутилган.

Маълум қилинишича, бу харажатлар учун 3 триллион сўм ажратилган. Ҳар бир шифохонада шифо ва захира ўринлари ташкил қилинган. Бугунги кунда коронавирус беморлари учун 3 ойлик дори воситалари, шахсий ҳимоя воситалари, зарарсизлантирувчи воситалар захираси яратилган. Таъкидланишича, фавқулодда ҳолатлар учун захира кадрлар ҳам махсус тайёргарлик асосида шай ҳолатда турибди.

Аввалроқ Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини рўйхатдан ўтказиш ишлари бошлангани маълум қилинганди. Шунингдек, вакцинани қўллашга рухсат берилгани айтилган.