Ўзбек миллатига мансуб таниқли тадбиркор, миллиардер Алишер Усмонов Ўзбекистонга сармоя киритишнинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда миллиардернинг «Россия 1» телеканалига берган интервьюсида хабар қилинган.

Фото: «Kremlin.ru»

Алишер Усмонов Ўзбекистонда Совет Иттифоқи меросини иқтисодиётда бартараф этишдек қийин жараёндан сўнг илк ҳақиқий ислоҳотлар бошлангани ҳақида айтиб ўтди. У мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ташаббускори аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари билан яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашда хизмат қилаётган давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев эканини таъкидлаган. Шунингдек, бу илгари ўзининг ғоявий ва синфий иттифоқчиларидан бирига айланган давлатни бирлаштира оладиган йирик иқтисодий лойиҳалар учун яхши бошланиш эканини ва айнан иқтисодий иттифоқда мантиқ борлигини қайд этган.

Миллиардер фойда олиш учун Ўзбекистон иқтисодиётининг қайси соҳалари сармоя киритишга лойиқлиги ҳақида маълумот берган.

«Бу, биринчи навбатда, пахта, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашни чуқурлаштириш ва Ўзбек замини тўла бўлган тоғ-кон бойликларини ривожлантириш ҳисобланади. Бу фақатгина қазиб чиқариш эмас. Ўзбекистон ҳудудида жойлашган мазкур фойдали қазилмалар, авваламбор, рангли металлардир. Олтин, мис, ноёб тупроқ металлари — бу Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритмоқчи бўлган  ҳар қандай инвестор учун катта фойда келтиради», — дея таъкилаган миллиардер.

Аввалроқ Алишер Усмонов ўз ҳисобидан Ўзбекистонга 500 минг вакцина олиб бериши  ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Алишер Усмоновнинг компанияси Ўзбекиcтон ёқилғи-энергетика комплексини рақамлаштиришда қатнашиши маълум қилинган.