Сурхондарёдаги мактабда ўқувчи қизнинг оёғи фалаж бўлиб қолди
Бунга ҳамширанинг нотўғри укол қилгани сабаб бўлган
Сурхондарё вилояти Шеробод туманида нотўғри муолажа оқибатида мактаб ўқувчисининг оёғи фалаж бўлиб қолди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, вилоятнинг Катта боғ маҳалласида яшовчи мактаб ҳамширасига 7-синфда таҳсил олаётган ўқувчи қиз соғлиғи ёмонлашаётганини айтиб мурожаат қилган. Ҳамшира тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимига мурожаат қилиш ўрнига оғриқ қолдирувчи «Но-шпа» препаратини беморнинг мушак ости соҳасига қилган. Нотўғри муолажа оқибатида қизнинг соғлиғи ёмонлашиб, ўнг оёғи фалаж бўлиб қолган.
Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг қарори билан ҳамшира эҳтиётсизлиги оқибатида қилган жинояти учун унга Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, бир ярим йил муддатга соғлиқни сақлаш тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Аввалроқ Навоийда ҳомиладор аёл шифохонада вафот этгани хабар қилинган эди.