Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги туризм марказини бориб кўрди
Марказ 2022 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган
Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Самарқанд туманида барпо этилаётган туризм маркази қурилишини кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу мажмуа Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида 212 гектар майдонда қурилмоқда. Лойиҳага кўра, бу ерда 10 та иншоот, жумладан, конгресс-ҳолл, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари бўлади.

Айни пайтда конгресс-ҳолл, «Абадий шаҳар» карвон саройи ва 8 та меҳмонхона қурилмоқда. Меҳмонхоналарнинг иккитаси 22 қаватли, беш юлдузли; қолганлари тўрт юлдузли бўлади.

Самарқандда меҳмонхоналар кўп бўлишига қарамай, сайёҳлар кўп келганда ўринлар етишмай қолган. Масалан, 2019 йилда шаҳардаги барча отеллар банд бўлган. Таъкидланишича, 90 га яқин мамлакат фуқароларига визасиз режим жорий қилингани туристларни янада кўпроқ жалб этмоқда.

Шунингдек, қурилаётган марказ туристик хабга айланади. Бу ерда халқаро анжуманлар ўтказиш учун ҳам шароит бўлади. Уни 2022 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Президентга мазкур янги сайёҳлик маркази имкониятлари, туристларга кўрсатиладиган хизматлар ҳақида маълумот берилган. Давлат раҳбари марказ бошқарувини самарали ташкил этиш, туризм соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқлар берган.

Шу ерда Самарқанднинг туризм инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ўтказилган.

Самарқанд шаҳрида илк бор гастрономик кўча, Самарқанд тумани Конигил маҳалла фуқаролар йиғинида биринчи туризм қишлоғи ташкил этилган. Бундай максанлар сайёҳларнинг вилоятда қолиш вақтини узайтириш билан бирга, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолига даромад манбаи яратишда муҳим омил бўлиши таъкидланган.

Шавкат Мирзиёев мазкур туристик марказни шаҳар билан боғлайдиган йўл ўтказгични бориб кўрган. Шунингдек, уста Умар Жўрақулов ва Афросиёб кўчаларида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларини ҳам кўздан кечирган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Самарқандга жўнаб кетгани хабар қилинганди.