Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари аёлларни хизмат автомобили томон олиб кетаётгани акс этган видеотасвирга шаҳар ИИББ изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 14 апрель куни тахминан соат 21:30 да Қоратош ва Бунёдкор кўчалари кесишмасида шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси патруль-пост хизмати ходимлари автомобиллар қатнов қисмида фарзандлари билан тиланчилик қилиб ҳайдовчиларга халақит бераётган уч нафар аёлни кўришган. Аёллар тиланчилик қилиш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши ҳақида огоҳлантирилган.
Уларнинг шахсларини аниқлаш мақсадида Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сон ички ишлар бўлимига бориши айтилган. Бунга жавобан аёллар атрофдагиларнинг раҳмини келтириш учун бақириб, ходимларга қаршилик қила бошлаган.
Ички ишлар бўлимига олиб келинган аёллар самарқандлик икки фарзандли 25 ёшдаги М.Ю., 30 ёшли З.Ш. ва 25 ёшли С.У. экани, шунингдек, улар муқаддам бир неча маротаба огоҳлантирилгани аниқланган. Бундан аввал ходимлар мазкур аёлларни йўл қисмида тиланчилик мақсадида болаларидан фойдаланаётганига гувоҳ бўлган.
Аёлларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўрилиши учун терговга қадар текширув ўтказилмоқда, натижаси ҳақида қўшимча хабар берилиши таъкидланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда январь–февраль ойларида тиланчилик билан шуғулланган қанча фуқарога жарима белгилангани маълум қилинган. Шунингдек, Навоийда ногирон тиланчини ўлдириб, дарёга оқизиб юборган шахсларга суд ҳукми ўқилгани хабар қилинган.