Аср фирибгари. Энг катта молиявий пирамида асосчиси Бернард Мейдофф ҳақида

Биз ўзбек халқи орасида молиявий пирамидалар ҳақида гап кетганда дарҳол «Аҳмадбой» исми билан танилган олғир «бизнесмен» кўз олдимизга келади. Бироқ дунё тарихида энг машҳур молиявий фирибгар сифатида танилган Бернард Мейдофф ҳақида жуда кам эшитганмиз. Шу кунларда хориж матбуотида Бернард Мейдофф вафот этгани ва 150 йиллик муддатдаги қамоқдан эрта «озод» бўлгани ҳақидаги хабарлар жуда кенг тарқалди. У ким эди, нима учун унга шунчалик катта муддатдаги жазо тайинланган, қандай қилиб дунё тарихидаги энг катта молиявий фирибгарга айланган? «Bugun.uz» ушбу саволларга жавоб беради.

Бернард Мейдофф ким?

14 апрель куни бир вақтлар таниқли америкалик молиячи ва брокер сифатида танилган, NASDAQ – юқори технологияларга асосланган компаниялар акциялари савдоси билан шуғулланувчи фонд биржасининг яратувчиси, кейинроқ тарихдаги энг йирик молиявий пирамиданинг асосчисига айланган Бернард Мейдофф Шимолий Каролина штатининг Батнер шаҳри қамоқхонасида 82 ёшида вафот этди. У 2008 йилнинг декабрида дунёнинг 136 мамлакатидан бўлган 37 минг омонатчисини 65 миллиард доллар (ақлга сиғмайдиган миқдор-а?) миқдорида пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирганликда айбланиб, қамоққа олинган ва 150 йилга (ақлга сиғмайдиган муддат-а?) озодликдан маҳрум қилинган.

Фото: «Apnews»

Болалик ва шахсий ҳаёти

Бўлажак бизнесмен 1938 йил 29 апрелда Нью-Йорк туманларидан бири бўлган Куинс шаҳрида туғилган. У яҳудий миллатига мансуб Ралф ва Силвия Мейдоффлар оиласининг ўртанча фарзанди бўлган. Оила камтарона кун кечирган, отаси сантехник, онаси эса болаларни тарбиялаш билан шуғулланган. Ралф Мейдофф камбағалликдан қутулиш учун фонд биржасида савдо билан ҳам шуғулланиб кўради. У ишидан айрилгач, таваккал қилиб спорт анжомлари сотадиган бизнесни йўлга қўйди. Бироқ бу ҳам омадсиз якунланиб, унинг бизнеси касодга учраган.

Ёш Бернард 1956 йилда «Far Rokevay» ўрта мактабини тугатиб, Алабама университетига ўқишга кирган ва университетдаги «Sigma Alpha Mu» талабалар биродарлик гуруҳига аъзо бўлган. Биринчи курсни битиргандан сўнг у Ҳофстра университетига ўтади ва 1960 йилда ўқишни тамомлаб, сиёсатшунослик бакалаври даражасини олади.

Бизнес оламига кириш

Бернард пул топиш учун ўқиш даврида ҳам доим ишлаган: дастлаб пляжда қутқарувчи бўлиб, кейин боғни суғориш тизимларини ўрнатиш билан шуғулланган. Ишлаб топган дастлабки 5 минг доллар пули бизнесининг бошланғич капиталига айланди. 1960 йилда Мейдофф ўзининг биринчи «Madoff Investment Securities» инвестиция компаниясини ташкил этди. Уни ишга тушириш учун тадбиркор хотинининг отаси — молиячи Сол Алперндан 50 минг доллар қарз олишига тўғри келди. Ўн йил ўтгач, у акаси Питерни, кейинроқ жиянлари Рожер ва Шануни ва иккала ўғли Марк ва Эндрюни ўз бизнесига жалб қилди. Компаниянинг биринчи мижозлари ҳам қайнатасининг ёрдами билан жалб этилди: Сол Алперн дўстларини, ҳамкасбларини ва танишларини «Madoff Investment Securities»га жалб қилиб, ҳаммани куёви корхонасининг даромадлилигига ишонтирган. Солнинг тарғиботлари иш берди: катта фойда кўриш илинжидаги сармоядорлар биржаларни четлаб ўтиб, «Madoff Investment Securities»нинг «Пушти рўйхатлар»ига сармоя киритди. Бу муваффақиятларга қарамай, Мейдоффнинг фирмаси йирик компаниялар билан рақобатлаша олмай қолди. Айни вақтда узоқни кўра билган Берни бу вазиятдан чиқиш йўлини топди: у илгари ҳеч ким қилмаган электрон форматда кимошди савдосини ўтказишни бошлади. Компьютерлаштириш ва янги технологияларга ўтиш туфайли «Madoff Investment Securities» янги босқичга кўтарилди. 1980 йил охирига келиб компаниянинг операциялари Нью-Йорк фонд биржасидаги савдо умумий ҳажмининг 5 фоизини ташкил этди.

Мейдофф инвесторлар манфаати учун қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш билан шуғулланадиган Американинг NASDAQ фонд биржасини яратишда ҳам иштирок этган. Мейдоффнинг электрон тижоратдаги тажрибаси кейинчалик NASDAQ’да ишлатилган. Мейдофф NASDAQ директорлар кенгашида ишлаган ва 1990 йилларнинг бошларида унга раҳбарлик қилган. «Madoff Investment Securities» ушбу биржа савдосининг 25 та энг йирик иштирокчиларидан бири бўлган. У биринчилардан бўлиб ўз компаниясининг ҳужжатлар айланишини тўлиқ компьютерлаштиришга эришган.

Бундан ташқари, Мейдофф 1983 йилда ташкил топган ва қароргоҳи Лондонда жойлашган «Madoff Securities International» ҳимоя фонди директорлар кенгашининг раиси бўлган. Шунингдек, 1985 йилда у молиявий клиринг, компаниялар ва давлатлар ўртасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар билан шуғулланадиган Халқаро қимматли қоғозлар клиринги корпорациясининг асосчиларидан бири ва директорлар кенгашининг аъзоси бўлган.

Аср фирибгарлиги

«Madoff Investment Securities» компанияси асосчиси бошчилигида ўзининг катта обрўсидан фойдаланди. Одамлар малакали молиячига ишонди ва қўрқмасдан йилига 12–13 фоиз фойда олишни кўзлаб, катта миқдорда маблағ қўйишни бошлади. Зўр психолог бўлган Бернард омонатчиларнинг баъзан пайдо бўлиб турадиган шубҳаларига пулни эгаларига ҳеч бир муаммосиз ҳозироқ қайтариши мумкинлигини айтади. Бу ишонувчан омонатчилар ўз маблағларини олмасдан, сармоялашни давом эттиришларига олиб келди. Компаниянинг омонатчилари орасида актёр Жон Малкович, режиссёр Стивен Спилберг, бутун дунёда кўчмас мулклари ва банкларига эга бўлган Жозеф Сафра, телебошловчи Ларри Кинг, «L’Oreal» раҳбари, «Philadelphia Eagles» клубининг собиқ эгаси Норман Браман ва бошқа кўплаб таниқли одамларнинг борлиги инвестиция компаниясига бўлган ишончни оширди ва бой инвесторларни яна ва яна жалб қилаверди. Мейдофф ўзининг хайрия ишлари билан ҳам машҳур эди: 2006 йилда жияни Рожер лейкемиядан вафот этганидан сўнг у саратон ва диабетга қарши самарали дори-дармонларни яратиш бўйича илмий тадқиқотларни молиялаштирган, театрлар, музейлар ва ўқув муассасаларига ёрдам берган. Ушбу фаолият одамлар олдида бизнесменнинг обрўсини яна ҳам оширган. У чанғи ва гольф бўйича элита клубларининг аъзоси бўлган, Манҳеттенда қатор уйлар, Палм-Бич ва Францияда виллалар, Багам оролларида эса шахсий яхтасига эга эди.

Бироқ «Madoff Investment Securities» компаниясининг эшиклари ҳамма учун ҳам очиқ эмас эди. Бернард номзодларни шахсан ўзи танларди. Компания инвесторларга шахсий ҳисоб рақамларига онлайн кириш ҳуқуқини бермасди: молиявий операциялар тўғрисидаги маълумотлар электрон почта орқали келиб тушарди. Шунга қарамай, Мейдофф доимий равишда омонатчиларга фоизларни тўлаб келган. Ҳимоя фонди (Хеж фондлари) ниқоби ортига яширинган энг катта молиявий пирамида схемаси кўп йиллар давомида яхши ишлаган ва амалда ҳеч кимда шубҳа уйғотмаган.

Фирибгар ўз фаолиятида машҳур Понзи схемасидан фойдаланган, яъни инвесторларга бошқаларнинг ҳисобидан фойда тўлаган. Оддийроқ тушунтирилса, унинг дўпписини бунга кийдириб юбораверган. Фирибгар сизга юқори фоизли даромадни ваъда қилиб, пулингизни олади. Даромадингизни тўлаш вақти келганда сиздан кейинги жалб қилган инвесторнинг пулидан сизга тўлайди. Яъни янги инвесторларнинг пулини эски инвесторлар даромадини тўлаш учун сарфлайди, ўртада ўзига пулнинг бир қисмини олиб қолади. Бу жараёнда доим омонатчиларга фоизлари тўлаб борилаверади, лекин омонат қўйилмалари келмай қолиши билан «портлаш эффекти» юз бериши, шубҳасиз.

Молиявий таҳлилчи Гари Маркопулос Мейдоффни фирибгарликда гумон қилиб, бир неча бор қимматли қоғозлар бўйича комиссияга мурожаат юборган. Унинг таъкидлашича, йирик инвестиция компаниясининг эгаси олган бундай фойдани қонуний йўл билан олиш мумкин эмас. Бироқ Маркопулоснинг баёнотлари ва мурожаатлари кўп йиллар давомида эътиборсиз қолдирилган.

Фото: «Bright Choice»

Аср пирамидасининг «қулаши»

2008 йилги жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози молиявий пирамиданинг сирларини фош қилди, жуда яхши мувофиқлаштирилган ишга жиддий зарба берди. Янги омонатчилар келмай қўйди, ўз-ўзидан эскиларига эса фойдаларини тўлаш учун маблағ йўқ эди. Мейдофф оиласига ўз ишининг асл моҳиятини айтишга мажбур бўлди. «Бу бир катта ёлғон эди», — дейди у.

2008 йил декабрь ойида ўғиллари ўз отасини ҳукуматга топширади ва бу компания йирик Понзи схемаси эканини ошкор қилади. 11 декабрь куни Бернард Мейдофф фирибгарликда айбланиб, ҳибсга олинган. Аср фирибгарлиги барбод бўлди. 2009 йил 12 мартда Бернард Мейдофф айбига иқрор бўлди.

Мижозлар ҳисобварағидаги маблағ етишмовчилиги тахминан 65 миллиард долларни ташкил этди. Федерал терговчилар фирибгар компания 1980 йилларнинг ўрталарида Понзи схемаси бўйича иш бошлаган деб ҳисоблаган. Фирибгарнинг ўзи эса ноқонуний ҳаракатлар 1990 йилларнинг бошидан бери олиб борилганини даъво қилган. Бироқ маълумотлар базасида компания ҳисобварағидан фонд биржасида амалга оширилган битта ҳам битим топилмади, шунинг учун, эҳтимол, «Madoff Investment Securities» ташкил топганидан бери пирамида схемаси бўлган.

2009 йил 29 июнда суд Бернард Мейдоффни 150 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Буюк фирибгар ўғилларининг тақдири ҳам жуда аянчли якунланди: катта ўғли Марк отаси фош бўлганидан икки йил ўтиб ўзини осди, кенжа ўғли Эндрю эса 2014 йилда лимфомадан вафот этди. Қўллаб-қувватловсиз ва ҳеч қандай мақомисиз қолган Мейдоффнинг рафиқаси Рут Ню-Англиянинг Олд Гринвич шаҳрида набираларидан узоқ бўлмаган жойда яшаб қолди.

Қамоқхона ва шоколад бизнеси

У қамоқхонада ХХI асрнинг даҳо фирибгари сифатида машҳур бўлиб, маҳбусларнинг ҳурматига сазовор бўлади. У озодликдан маҳрум бўлганидан кейин ҳам ўз бизнесини ташкил этишга муваффақ бўлади. Бернард қамоқхонада иссиқ шоколад сотади. Бунинг учун у қамоқхона буфетидаги барча шоколад пакетларини сотиб олиб, маҳбусларга сотган.

Афсонавий фирибгарнинг сўзларига кўра, у қилган ишидан афсусланмайди. Бернардни ташвишга соладиган ягона нарса — олдида ўзини жуда ҳам айбдор санайдиган оиласи. Бир йил аввал унинг адвокати судга Мейдоффнинг жиддий сурункали буйрак етишмовчилиги билан оғриётганини, шунинг учун мижозини муддатидан олдин озод қилиш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилди. Шифокорларнинг фикрига кўра, унинг умри бир ярим йилга етиб бормайди. Аммо илтимоснома рад этилган эди.

Бернард Мейдофф 83 ёшида 2021 йил 14 апрель куни Шимолий Каролина штати қамоқхонасида вафот этди.

Ўзбек «Мейдофф»и ҳақида қисқача сўз

Сўзимиз бошида «Аҳмадбой» сифатида халқимиз орасида шов-шувларга сабаб бўлган молиявий пирамида асосчиси ҳақида эслаб ўтгандик. Аҳмадбой ким ўзи? 2016 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон марказий телеканалларида «чинозлик Аҳмадбой» номи билан таниш тадбиркор Аҳмаджон Турсунбоев ҳақидаги кўрсатув эфирга берилди. Омонатчилар орасида Ўзбекистоннинг энг машхур кишилари, санъаткорлар, бизнес эгалари борлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинроқ у 11 700 дан ортиқ омонатчиларга 418 миллиард 293 миллион сўмдан ортиқ маблағ зарар етказгани ҳақида хабарлар эълон қилинди. Аҳмад Турсунбоев ҳам ўз фаолиятида ҳудди Бернард Мейдофф каби йўл тутган, фақат кўлами унга қараганда анча кичик. Бироқ бу ҳодиса жамиятимизга ҳам таҳдид солиши мумкин экани, молиявий операцияларни амалга оширишда ана шундай «қопқондаги пишлоқ»лардан эҳтиёт бўлиш лозим эканини ёдимизга солиб қўйди. Айниқса, молиявий саводхонлиги юқори бўлмаган биз каби мамлакатларда бу каби кўнгилсиз ҳодисалар ҳақида кўпроқ ахборот берилиши, фуқароларга тушунтирилиши жуда муҳим.

Шарофиддин Ҳошимжонов тайёрлади

АҚШ мусодара қилинган Россия активларини биринчи марта Украина эҳтиёжлари учун беради
Янгиликлар21:05 | 4.2.23
АҚШ мусодара қилинган Россия активларини биринчи марта Украина эҳтиёжлари учун беради
Тошкент вилоятида қурилиш крани қулаши оқибатида машинист вафот этди — видео
Янгиликлар20:51 | 4.2.23
Тошкент вилоятида қурилиш крани қулаши оқибатида машинист вафот этди — видео
Киев Грузияни Саакашвилининг «устидан кулишни» тўхтатишга чақирди
Янгиликлар20:31 | 4.2.23
Киев Грузияни Саакашвилининг «устидан кулишни» тўхтатишга чақирди
«Украина ҳарбийларига қурол етказиб бериш ва уларни тайёрлашда ‘вақт билан пойга’ кетмоқда» — NYT
Янгиликлар19:57 | 4.2.23
«Украина ҳарбийларига қурол етказиб бериш ва уларни тайёрлашда ‘вақт билан пойга’ кетмоқда» — NYT
Ўзбекистонда 5 февраль куни ҳарорат 15 даражагача илийди
Янгиликлар17:59 | 4.2.23
Ўзбекистонда 5 февраль куни ҳарорат 15 даражагача илийди
«Болаларга жинсий зўравонлик қилганларга энг оғир жазо тури қўлланилиши керак» — Алия Юнусова
Янгиликлар17:24 | 4.2.23
«Болаларга жинсий зўравонлик қилганларга энг оғир жазо тури қўлланилиши керак» — Алия Юнусова

Муҳим хабарлар

Тошкент вилоятида қурилиш крани қулаши оқибатида машинист вафот этди — видео

20:51 · 04.02.2023

Киев Грузияни Саакашвилининг «устидан кулишни» тўхтатишга чақирди

20:31 · 04.02.2023

«Украина ҳарбийларига қурол етказиб бериш ва уларни тайёрлашда ‘вақт билан пойга’ кетмоқда» — NYT

19:57 · 04.02.2023

Ўзбекистонда 5 февраль куни ҳарорат 15 даражагача илийди

17:59 · 04.02.2023

«Болаларга жинсий зўравонлик қилганларга энг оғир жазо тури қўлланилиши керак» — Алия Юнусова

17:24 · 04.02.2023

Бухородаги ўқув марказида болаларга ноқонуний диний таълим бериб келигани аниқланди

15:25 · 04.02.2023

Bloomberg ўз платформалари орқали Ўзбекистоннинг бизнес ҳамда сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилмоқчи

14:17 · 04.02.2023

Туркманистон Ўзбекистонга бепул суюлтирилган газ етказиб беради

14:00 · 04.02.2023

Ўзбекистондаги айрим дорихоналарда Quramax’нинг тақиқланган дорилари ҳамон сотилаётгани аниқланди

13:09 · 04.02.2023

ИИВ Тошкентда ўқувчиларни «ўғирлаб кетишга» уриниш бўлгани рад этди

12:44 · 04.02.2023