Энг муваффақиятли ва кассабоп кинофраншиза — «Marvel» кино олами ҳақида

«Marvel» миллиарддан ортиқ муҳлисларга эга чиққан кино олами орқали кино соҳасида ўзгача бурилиш ясаган. Апрель ойи эса компания учун алоҳида аҳамиятга эга ой ҳисобланади. «Marvel» апрель ойида ўз кино оламига старт бериши билан бирга, энг муҳим премьераларни ҳам айнан апрель ойида амалга оширган. 2008 йил 14 апрель куни катта экранларга чиққан «Темир одам» фильми кино саноатида суперқаҳрамонларнинг ўрни қай даражада муҳим эканини кўрсатган. Бир-бирига боғланган 23 та фильмнинг якуний қисми – «Қасоскорлар: интиҳо» 22 апрель куни премьера қилиниб, бир неча ой ичида барча даврларнинг энг кўп даромад топган фильмига айланган эди. «Bugun.uz» кино саноатидаги энг кассабоп франшиза ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: «Digital Spy»

Кино олами ҳақида

«Marvel» кино олами Кевин Файги бошчилигида Стэн Ли ва Стив Дитко каби ижодкорларнинг комиксларига асосан яратилиб келинмоқда. У шу кунгача жами 23 та фильмни 3 фазада намойиш қилган. Ундаги илк фаза суперқаҳрамонларни томошабинларга таништирувчи 6 фильмдан иборат:

  • «Темир одам» (2008);
  • «Ғаройиб Ҳалк» (2008);
  • «Темир одам-2» (2010);
  • «Тор» (2011);
  • «Капитан Америка: илк қасоскор» (2011);
  • «Қасоскорлар» (2012).

Ушбу фазада 11 апрель куни премьера қилинган «Қасоскорлар» фильми «Marvel» кино оламининг келажаги учун мухим аҳамият касб этган. Бир кинода бир неча фильмлардаги суперқаҳрамонларни йиғиш ғояси – «Marvel»нинг энг катта ютуғи ҳисобланади. Ушбу инқилобий ғоя сабаб кейинчалик кино оламга бошқа қаҳрамонларни ҳам қўшиш ишлари бошланган. Бу эса ўз-ўзидан мухлисларнинг ҳам кўпайишига олиб келган.

Иккинчи фазада «Marvel» кино оламининг келажаги учун кўприк вазифасини бажариб берган навбатдаги 6 фильм намойиш этилган:

  • «Темир одам-3» (2013);
  • «Тор: зулмат дунёси» (2013);
  • «Капитан Америка: қишки аскар» (2014);
  • «Галактика қўриқчилари» (2014);
  • «Қасоскорлар: Альтрон эраси» (2015);
  • «Чумоли-одам» (2015).

Кўпинча ушбу фаза келажакдаги проектлар учун «қурбон қилинган» фильмлар тўплами деб юритилади. 2013 ва 2015 йиллардаги муваффақиятсизлик эса «Marvel»га яхшигина дарс бўлган. Иккинчи маротаба бирлашган қасоскорлар дунёни энди ўзлари яратган хавфдан қутқаришга киришган эди. Ушбу «Қасоскорлар-2» фильми эса анъана яратган ҳолда 13 апрельда премьера қилинган.

Фото: «The Jordan Movie blog»

Айни дамдаги сўнгги, «Marvel» кино тарихидаги энг муваффақиятли франшиза ва энг кассабоп кинокомпанияга айлантирган учинчи фаза жами 11 фильмдан ташкил топган:

  • «Капитан Америка: фуқаролар уруши» (2016);
  • «Доктор Стренж» (2016);
  • «Галактика қўриқчилари-2» (2017);
  • «Ўргимчак-одам: уйга қайтиш» (2017);
  • «Тор: Рагнарёк» (2017);
  • «Қора пантера» (2018);
  • «Қасоскорлар: чексизлик жанги» (2018);
  • «Чумоли-одам ва ари» (2018);
  • «Капитан Марвел» (2019);
  • «Қасоскорлар: интиҳо» (2019);
  • «Ўргимчак одам: уйдан олисда» (2019).

Ўз анъасига содиқ қолган ҳолда «Marvel» ўзининг энг йирик проектлари — «Қасоскорлар»нинг навбатдаги икки фильмини ҳам апрель ойида премьера қилган.

Сюжет

«Marvel» кино оламидаги фильмлар бир-бирига боғланганлиги учун бир фильмни тўлиқ тушуниш учун ундан аввалги фильмларни кўриш тавсия қилинади. Кино оламга муваффақиятли тарзда старт берган «Темир одам» — Тони Старк «Marvel»нинг блокбастер машинасига айланган. Ўзгача қобилияти бор қаҳрамонларни тўплаган Ник Фьюри Тони Старк, Брюс Беннер, Стив Рожерс, Тор ва бошқа суперқаҳрамонлар ўртасида боғловчилик ролини ўйнаган эди. Уларнинг жамоа сифатида тўпланишига сабаб бўлган ўзга сайёралик Танос – илк уч фазадаги асосий антагонист сифатида таснифланган. Аввалига 6 нафар қаҳрамонларни бирга таништирган «Marvel», йилдан-йилга уларни динамик тарзда мукаммаллаштириб борган. Улар курашаётган хавф ортиши билан эса яна янги қаҳрамонлар қасоскорлар таркибига қўшилган. Фильмлар бир-бирига ишораларни сақлаб қолган ҳолда кино коинотдаги асосий воқеалар Иккинчи Жаҳон уруши даврларидан бошланади.

Воқеликка нисбатан ҳақиқатга яқин алтернатив дунёдаги, ёки комикслар тили билан айтганда параллел оламдаги вазият тобора чигаллашиб боради. Аввалига умумий душманни биргаликда енга олган қаҳрамонлар орасида кейинчалик ўзаро низолар чиқишни бошлайди. Бош қаҳрамонлар турли гуруҳларга бўлиниб, ўз ҳаётларини билганларича яшаётган вақт, Ерга Танос ва унинг қўшинлари чексизлик тошларини қўлга киритиш учун ҳужум уюштиради. Коинотни сақлаб қолиш учун ундаги ярим тирик жонзотларни қириб юборишни ўзига мақсад қилган Танос кейинчалик бутун коинотни йўқ қилишга киришади. Барча қаҳрамонлар Таносга қарши чиқиб, якуний ғалабага эришганида эса кино коинотга биринчи таништирилган 6 қаҳрамон ўз фаолиятларини тўлиғича якунлайди. Учинчи фазага якун ясаб берган фильмда эса Ерга яна янги қаҳрамонлар зарурлиги ишора қилинади. «Marvel»нинг келажакдаги проектлари – тўртинчи фаза, янада катталашган кино коинот билан давом этади.

Фото: «Le Point»

Таҳлил

«Marvel» кино оламидаги аксарият воқеалар фантастик кўринишда тасвирлаган бўлса-да, ундаги фильмлар ўзида чуқур сиёсий ва ижтимоий муаммоларни ҳам ёритган. Ундаги қаҳрамонларнинг ички дунёси, эмоционал ҳолатлари, муаммоларга нисбатан креатив ечимлар беришлари эса фильмларнинг қизиқарли давом этишини таъминлаб туради. Ўз фильмларида маданий бағрикенгликни, ирқий турфа хилликни, феминистик ғояларни доимий тарғиб қилувчи «Marvel» — Голливуд киноларини эгаллаб олган ирқий доминантликни ва аёлларга нисбатан паст назар билан қарашни (мизогиния) қаттиқ танқид остига олган. Адолатли жамиятда барчанинг тенг ҳуқуқли бўлишини илгари сурувчи «Marvel» камчилик ёки кучсиз гуруҳ аъзоларини ҳам четда қолдирмаган. Келажакдаги проектларида тасвирланувчи бош қаҳрамонлар ЛГБТ гуруҳи аъзоларидан бўлиши шундай ташаббуслардан бири ҳисобланади.

«Marvel»даги образлар нафақат кино ичида, балки ҳақиқий дунёда ҳам қаҳрамон сифатида кўрилади. Болалар ва ўсмирлар учун кучли мотивация бера оладиган образларни яратган «Marvel» — имконияти чекланган ёки давосиз касалликка чалинган болалар учун алоҳида катта эътибор қаратган.

Кинокомпания муваффақияти

«Marvel» – энг кўп даромад топувчи кинокомпания ҳисобланади: 23 та фильм учун жами 4,5 миллиард доллар сарфлаб, 22,5 миллиард доллар даромад топган. Бу кўрсаткич эса ҳар бир фильм ўртача бир миллиард долларга яқин даромад топишини англатади. 2019 йил чиқарилган «Қасоскорлар: интиҳо» фильми эса 2,8 миллиард доллар даромад топиб, барча даврларнинг энг кўп даромад топган фильмига айланган эди. «Marvel» ўзининг суперқаҳрамонлар жанридаги фильмлари билан катта совринлардан 3 та Оскар, 36 та Сатурн, 2 та Грэмми ва Бафта мукофотларини қўлга киритган. Бу ютуқларнинг аксарияти «Қора пантера» фильмига тўғри келади. Ўсмирлар ва ёшларни деярли тўлиғича қамраб олган «Marvel» кинотеатрларнинг тўлишига етарлича катта ҳисса қўшган, кинокомпания фильмлари эса аллақачон маданий феномен қолдиришга муваффақ бўлган. «Marvel» фильмларида кичик Роберт Даунидан тортиб Бенисио дель Торо каби машҳур актёрларгача жами мингдан ортиқ актёр ва актрисалар роль ўйнаган. Мегафраншизага айланаётган фильмлардаги ижодий гуруҳ аъзолари ҳам тобора кўпайиб бормоқда.

Хулоса

«Marvel» — нафақат суперқаҳрамонлар киноси, балки жамиятдаги адолатни тиклашдаги ижтимоий-сиёсий фильмлар тўпламидир. Тенг ҳуқуқлиликни, кучсиз ёки камчилик гуруҳ аъзоларини доимий қўллаб келаётган кинокомпания сабаб дунё бўйлаб миллиардга яқин мухлислар ўзаро тил топиша олди. Ушбу фильмлар сабаб ўсмирлар ва ёшлар ўзлари учун орзудаги қаҳрамонларини топди, уларнинг технологик тараққиёт ва маданий меросларга нисбатан ҳурматлари ошди. Бир сўз билан айтганда, энг кассабоп «Marvel» кино олами янгича маданий феномен яратиб, адолатли жамият яратишдаги жараёнга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Янгиликлар21:24 | 28.1.23
«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
Янгиликлар20:51 | 28.1.23
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Янгиликлар20:17 | 28.1.23
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Янгиликлар19:44 | 28.1.23
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Ўзбекистонда чиқиндилар газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани қуриш бошланди
Янгиликлар18:50 | 28.1.23
Ўзбекистонда чиқиндилар газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани қуриш бошланди
Самарқандда светофорнинг қизил чироғига ўтган автобус пиёдалар ҳаётига жиддий хавф солди — видео
Янгиликлар17:22 | 28.1.23
Самарқандда светофорнинг қизил чироғига ўтган автобус пиёдалар ҳаётига жиддий хавф солди — видео