14:04 | 16.04.21 108

Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов 58 ёшида вафот этди

Маданият вазирлиги маълумотни тасдиқлади

Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори Азизов Мирза Мамажонович 16 апрель куни 58 ёшида вафот этди. Маданият вазирлиги Bugun.uz’га маълумотни тасдиқлади.

Фото: «muzaffar.uz»

Актёр Мирза Азизов 1963 йил 22 май куни Наманган вилояти Чуст туманида туғилган. У мусиқали театр актёри сифатида «Юсуф ва Зулайҳо»да фиръавн, «Фарҳод ва Ширин»да Баҳром, «Нодирабегим» мусиқали драмасида Мадалихон, «Алпомишнинг қайтиши» спектаклида Алпомиш образлари орқали танилган.

Маълумот ўрнида, Мирза Азизов 1989 йилда Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театри актёри сифатида ишга қабул қилинган. 1999 йилда унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 2015 йилда «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвони берилган. У 2016 йилдан буён Муқимий театри директори лавозимида ишлаб келаётган эди.

«Маданият вазирлиги Мирза Азизовнинг оила-аъзолари ва барча яқинларига чуқур таъзия изҳор қилади», дейилади хабарда.

Аввалроқ кинорежиссёр Баҳром Ёқубов 60 ёшида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев 21 март куни вафот этгани ҳақида хабар берилганди.