Янгиликлар - 13:35 · 16.04.2021

Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Президент ўтганда кўринадиган қисми» бўялган бино бўйича изоҳ берди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ижтимоий тармоқда тарқалган «фақат президент ўтганда кўринадиган қисми бўялган» бино бўйича изоҳ берди. Бу ҳақда 16 апрель куни ҳокимлик Telegram каналида хабар берилди.

Фото: Telegram/ @makarenko_channel

Қайд этилишича, Матбуотчилар кўчаси 32-уйда жойлашган Матбуотчилар уйида таъмирлаш бошланган.

«Шаҳримизда кўчаларни тартибга келтириш, ободонлаштириш йўналишида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунда кўчаларни тозалаш, манзарали дарахт ва гул кўчатларини экиш қатори, бино-иншоотларнинг фасадларини таъмирлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу йўналишдаги ишлар Матбуотчилар кўчаси 32-уйда жойлашган Матбуотчилар уйида ҳам бошланган. Яъни бинонинг ташқи фасадида таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган ва шунга асосан ҳозирга қадар иншоотнинг бир қисми фасади бўялган», дейилади хабарда.

Аввалроқ Telegram’даги «Troll.uz» канали муаллифи Умид Ғофуров юқоридаги суратни каналига юклаб, «бинонинг фақат Президент ўтганда кўринадиган қисми бўялган, кўзбўямаячилик продакш», дея изоҳ қолдирганди.