Фарғонада 2 қуролланган эркак дорихоналарга бостириб кирди — фото
Фарғона шаҳрида 11 апрель куни 2 нафар қуролланган эркак дорихоналарга бостириб кириб, муассаса ғазнасидаги пулларни ўғирлаб кетди. Бу ҳақда Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 11 апрель куни соат 00:30 дан 01:00 гача бўлган вақт оралиғида номаълум шахс юзига тиббий ниқоб таққан ҳолда Фарғона шаҳри Марғилон кўчасида жойлашган «555» номли дорихонага пневматик пистолет билан қуролланган ҳолда кирган. Дорихонадаги навбатчи сотувчи 28 ёшли Ў.У.ни ўлдириш билан қўрқитиб, дорихона ғазнасида бўлган 600 минг сўм пулларни олиб чиқиб кетган.

Шунингдек, икки нафар номаълум шахс Фарғона шаҳри Ойбек кўчасида жойлашган «Соғлом ҳаёт сари» номли дорихонага ҳам бостириб кирган. Дорихонадаги навбатчи сотувчи 20 ёшли Қ.Ж.га қўлидаги пневматик пистолетни кўрсатиб, уни ўлдириш билан қўрқитган. Дорихона ғазнасида бўлган 400 минг сўм пул ва кузатув камерасининг хотира сақлаш мосламасини олиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Юқоридаги жиноятга «Cobalt» автомашинаси ҳар икки ҳолатда ҳам алоқадорлиги аниқланиб, унинг йўналиши синчиклаб ўрганилганда мазкур жиноятни Қўқон шаҳрида яшовчи 41 ёшли Т.Д. ва 43 ёшли Х.Ш. содир қилгани маълум бўлган. Улар вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан яшаш манзилида қўлга олинган.

Уларнинг хонадонлари тинтув қилинганда бир дона «ПМ» русумли пневматик пистолет, бир дона «Калашников» русумли пневматик автомат, 250 дона думалоқсимон пневматик ўқ, 1 жуфт автомашина давлат рақами, бир дона алоқа рацияси, ниқоб, қора рангли қўлқоп, 3 дона кузатув камераси хотира мосламаси, 20 дона «Beeline» уяли алоқа компаниясига тегишли сим-карта, 4 дона пичоқ, «LIZ» русумли дрон (учувчисиз учиш аппарати) топилган. Шунингдек, «Cobalt» русумли автомашинадан бир дона чопқи, бир дона отвертка, бир дона омбир ва 1 жуфт автомашина давлат рақам белгиси аниқланиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари (Босқинчилик) билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан Т.Д. ва Х.Ш. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Аввалроқ Қашқадарёда уйга бостириб кириб, пул ва тилла тақинчоқларни ўғирлаган 3 номаълум шахс ушлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Самарқандда сейфдан 42 минг доллар ўғирлаган эркаклар ушлангани маълум қилинган.