Янгиликлар - 2:59 · 17.04.2021

Гурбангули Бердимуҳамедов «Туркманистон от устаси мураббийи» унвонига сазовор бўлди

Туркманистон президенти, Халқ маслаҳати миллий кенгаши раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга «Туркманистон от устаси мураббийи» фахрий унвони топширилди. Бу ҳақда «Туркменистан сегодня» хабар берди.

Фото: «Turkmenportal»

Маълум бўлишича, ушбу унвон давлат раҳбарига 16 апрель, жума куни Туркманистон Миллий кенгаши мажлисининг фармони билан «жаннат тулпорлари»ни дунёга танитиш, от спорти ва от наслчилик саноатини ривожлантириш, ёш авлодда от санъатига муҳаббатни кучайтиришдаги улкан хизматлари учун топширилган.

Фото: «Altynasyr»

Хабарда «ахалтек» зотдор отларини сақлаб қолиш ва дунёга танитиш, бу соҳада халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишда давлат раҳбарининг хизматлари аҳамиятли экани қайд этилган. Шунингдек, эришилган ютуқлар натижасида чавандозлар чет элда ўтказилган нуфузли от спорти ва пойга мусобақаларининг ғолиби бўлаётгани таъкидланган.

Аввалроқ Туркманистон президенти янги икки палатали парламент раиси бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Туркманистонда «Халқ итбоқари» фахрий унвони таъсис этилгани маълум қилинган.

Bugun — LIVE