Ўзбекистонда 18 апрелдан карантин қоидалари кучайтирилади
Абдулла Арипов бошчилигида 17 апрель куни Коронавирусга қарши кураш комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, 18 апрелдан карантин қоидалари янада кучайтирилади. Бу ҳақда бош вазир йиғилишда маълум қилди. Боғча ва мактабларда касалланиш ҳолати аниқланган тақдирда, уларнинг фаолиятини зудлик билан тўхтатилади ҳамда 2 ҳафтага карантинга олинади.
Қайд этилишича, ушбу вақт мобайнида улар онлайн тартибида фаолият юритади.
«Биз ҳали чегараларимизни ёпганимиз йўқ, шуни билиб қўйинглар. Сабаби, барчасини тўхтатиб қўйиш учун асос бўладиган хавфни ҳали кўраётганимиз йўқ. Лекин касаллик кўпайишни бошлади, йил бошида кунига 15 та ҳолат аниқланган бўлса, ҳозир 300 тага чиқди.
Инфекция 6–7 фоизда олий таълим муассасаларида ва 11–15 фоиз ҳолатда умумий ўрта таълим муассасаларида юқтириб олинган. Бу ўтган йилги ҳолат билан таққосланадиган бўлса, ўшанда мактаб болаларида бу касаллик йўқ эди. Йил бошида ‘британча’ штамм болалар ўртасида тарқалди, биз қатор мактаб ва боғчаларни ёпишга мажбур бўлдик. Яъни ҳозир касаллик ҳам ўз турини ўзгартириб, янада хавфлироқ бўла бошлади. Аввал болаларга таъсир қилмаган бўлса, ҳозир аксинча бўляпти, ҳаттоки боғча болаларига ҳам таъсир қиляпти.
‘Африканча’ штамм ҳам бизга кирди, буни Илғор технологиялар маркази Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати билан биргаликда ўрганиб, ҳаммасини бир-биридан ажратиб чиқди. Ҳозир ҳам жуда чуқур таҳлил олиб бориляпти», — деди бош вазир.
Шунингдек, йиғилишда Рамазон ойида Таровиҳ намозларини очиқ ҳудудларда адо этиш бўйича кўрсатма берилган. Ифторликларни имкон қадар оила даврасида ёки 100 кишидан ошмаган ҳолатда ўтказиш зарурлиги маълум қилинган.