Абдулла Арипов 17 апрель, шанба куни коронавирусга қарши кураш комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида тиббий маслаҳат беришга қаратилган Сall-марказ фаолиятини қайта йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Review»

Таъкидланишича, уй шароитида даволанаётган беморларга тиббий маслаҳат беришга қаратилган Call-марказ фаолияти қайта йўлга қўйилади ва бундай беморларнинг хонадонларида карантин қоидаларига риоя қилиниши устидан қатъий назорат ўрнатилади. Хусусан, вазир изоляцияланган ҳар бир беморнинг уйи миллий гвардия ёки ички ишлар ходимлари томонидан назоратга олишини маълум қилди.

«Ўзбекчиликда бир одат бор: соғ юрганида одамлар бир-барини эсламайди. Фалончи касал бўлибди, деса, и-е, қаерда экан, дейди. Яхшиям улар юқумли касалликлар шифохонасига киритилмайди. Уйида бўлса, ҳамма бориб кўриши керак. Икки соат бориб гаплашиб, кўнгил олгандай бўлади-да, кўнгил билан бирга вирусни олиб чиқиб, қолганларга улашади.

Ўтган сафаргидай карантинга кимнинг оиласи тушса, миллий гвардия ёки ички ишлар ходимларидан бир нафар одам керак бўлса, эшигининг олдида туради. Ҳеч кимни киритмайди. Яна поликлиникаларда мобил бригадалар ташкил қилиб, COVID қутисини берамиз. Озиқ-овқат масалалари бўйича маҳалла олиб келиб беради», — дейди Абдулла Арипов.

Аввалроқ Ўзбекистонда 18 апрелдан карантин қоидалари кучайтирилгани, Ўзбекистонда овқатланиш муассасалари ва автобусларда ўринлар сони чеклангани ҳақида хабар берилганди.