АОКАда 16 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Тошкент метрополитени» унитар корхонаси раҳбари Ойбек Худойқулов метроларда кузатилаётган носозликлар бўйича изоҳ берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Унинг таъкидлашича, йўловчилар билан боғлиқ бўлган смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилган. Йўловчиларга метроларда хавф-хатар мавжуд эмас. Бу бўйича барча линияларда ишчи гуруҳ ишлаган.

«Ўзим ҳам йўловчи сифатида юрганимда менга нимадир хавф бўлармикан, деган нуқтаи назарда қарайман. Тошкент метрополитенида 4200 тага яқин ишчи ишлайди. Куннинг исишини ҳисобга олиб, мутахассислар шундай ҳолатлар бўлиши мумкинлигини таъкидлаганди. Билардик рельсларнинг узайишини. Темир йўлда ҳам бор бу нарса. Ҳаммасини ҳисобга олиб қўйганмиз, фақат ҳаво бунчалик тез кўтарилади, деб ўйламагандик», — дейди у.

Метрополитен ҳаракат хавфсизлиги бош тафтишчиси Абдутоҳир Абдуқодировнинг сўзларига кўра, ҳозирда йўловчилар кўпайгани сабаб эшикка суяниш, эшикнинг очилиб-ёпилишига халақит бериш ҳолатлари механизм ишдан чиқишига ҳам сабаб бўлган.

«Мутахассислар ўрганиб чиққанида поезд охирги бекатга келиб йўловчиларни туширган ва эшикларни икки марта очиб ёпган. Эшик ҳеч қандай нуқсонсиз очиб-ёпилган. Поезд яна ўз линияси бўйича ишга тушган. Йўловчилардан эшикларга суянмасликларини илтимос қилган бўлардим. Эшикларнинг ‘флажок’и бўлади. Эшик ёпилганда машинистга ҳамма эшиклар ёпилди деган ЛСД сигнал келади. Депога олиб кирганимизда шу ‘флажок’ синган бўлган», — деди у.

Метрополитен раҳбарининг сўзларига кўра, 2021 йилнинг биринчи чорагида йўловчилардан тушган маблағ 31,5 миллиард сўмни ташкил этган. Метрода ҳафтанинг душанба–жума кунларида бир кунда 330 минггача йўловчига хизмат кўрсатилади. Дам олиш кунлари эса 140–150 мингга тушади. Унинг таъкидлашича бир ойда йўловчилардан тушган маблағ 10,5 миллиард сўмни ташкил этади. Шундан 8,5 миллиард сўм 4200 нафар ходимга ойлик сифатида берилади. 3 миллиарддан ортиқроқ маблағ электр энергиясига сарфланади.

«Тан олишимиз керак, топаётган пулимиз ўзимизнинг харажатларимизга етмайди. 2021 йил харажатлари учун бизга 45 миллиард сўм маблағ давлат томонидан ажратилган. Бунинг олдини олиш мақсадида йўлкира нархларини кўтариш ҳақида ҳам таклиф киритганмиз. Лекин давлат раҳбари бунга йўл қўймасдан, қолгани давлат томонидан субсидия қилиб берилиши ҳақида топшириқ берган», — деди Ойбек Худойқулов.