Бухорода тадбиркорнинг уйига бостириб кириб, пулларини ўғирламоқчи бўлган гуруҳ ушланди
Бухоро вилоятида тадбиркорнинг уйига бостириб кириб, пулларини ўғирламоқчи бўлган гуруҳ ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бухоролик тадбиркор ва унинг оила аъзоларидан зўрлик ишлатиш йўли билан катта миқдордаги пули ва тилла буюмларини ўғирламоқчи бўлган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинган. Улардан бир дона ПМ жанговар қуроли, 6 дона жанговар ўқ ва бир дона ўткир тиғли пичоқ ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 25, 164-моддаси 3-қисми «в» банди ва 248-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчилар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Намангандаги бозорда ўғрилик қилган 50 ёшли аёл кўлга тушгани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида банкка туйнук очиб, ўғриликка тушган йигит ушлангани маълум қилинган.