Андижонда солиқ бош инспектори 15 млн пора билан қўлга тушди
У мавжуд бўлмаган солиқ қарздорлигини йўқ қилиб бериш эвазига пора олган
Андижон вилояти Булоқбоши тумани давлат солиқ бош инспектори мавжуд бўлмаган солиқ қарздорлигини йўқ қилиб бериш эвазига 15 миллион пора олган пайтида қўлга тушди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, ДХХ ва ДСҚнинг Андижон вилояти бошқармалари томонидан текширув тадбирлари ўтказилган. Унда Булоқбоши тумани давлат солиқ бош инспектори фуқаронинг отасига тегишли 0,33 гектар нотурар ер майдонининг солиқ қарздорлиги мавжуд бўлмаса-да, 30 миллион сўм қарздорлиги борлигини айтиб, йўқ қилиб бериш эвазига 15 миллион сўмни пора сифатида олган вақтда ушланган.
Ҳолат юзасидан ходимга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Янгийўл тумани Кадастр бошлиғи тадбиркордан 500 доллар пора олаётганда ушлангани, шунингдек, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» корхонаси мансабдорлари пора билан қўлга тушгани хабар қилинганди.