Ўзбекистонда 2021 йилда ипотека кредити асосида бериладиган уйлар икки бараварга кўпайтирилади
Ўзбекистонда 54 минг оилага мўлжалланган ипотека кредити асосида бериладиган уйлар 2021 йилда икки баробар кўп — 45 мингта қурилади. Бу ҳақда Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси билан ўтказилган очиқ мулоқотда қатнашган «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, мулоқотда Молия, Қурилиш, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш ҳамда Халқ таълими вазирлиги ва Марказий банк ходимлари иштирок этган. Таъкидланишича, квартира қийматининг камида 15 фоизи миқдорида, шунингдек, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун давлат бюджетидан уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидиялар ажратилади. Шунингдек:
- уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун ипотека кредитлари фоиз ставкасининг 10 фоизлик пунктдан ошган қисмини қоплаш учун давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади;
- сектор раҳбари ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хулосаси асосида «Аёллар дафтари»га рўйхатга олинган фуқароларга турар жой ижара компенсацияси тўлаб берилади;
- «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» тизимида рўйхатга олинган фуқаролар, жумладан хотин-қизларга уй-жой ижара харажатларининг бир қисмини қоплаш учун олти ой давомида ойлик ижара тўловининг 50 фоизи миқдорида ойлик пул тўланади.

Қайд этилишича, 2021 йилда янги тартиб доирасида 33 114 та уй-жой учун ипотека кредитлари ажратилади. Хусуан, шаҳарларда 17 354 та квартира, қишлоқ ҳудудларда 9260 та квартира ва 6500 та якка тартибдаги уй-жойлар учун ипотека кредитлар берилади. Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож ва даромади юқори бўлмаган 23,4 минг нафар фуқарога давлат бюджетидан 960 миллиард сўм субсидия ажратилиши белгиланган.
Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан 2021 йил 19 апрель ҳолатига кўра, 12 138 нафар фуқарога жами 2 триллион 638 миллиард сўмлик ипотека кредити ажратилган. Муҳтож оилаларга эса ипотека кредитларининг бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 3750 нафар оилаларга давлат бюджетидан 126 миллиард сўмлик субсидия тўлаб берилган.

Мулоқот давомида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари учун уй-жой олиш имкониятини кўзда тутадиган лойиҳа ишлаб чиқилаётгани ҳамда хотин-қизлар ва мухтож фуқароларга давлат томонидан ижара асосида уй-жойлар тақдим этиш тартиби жорий этилаётгани маълум қилинган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Ўзбекистонда 33 мингта квартира ва якка уй-жойлар ипотека кредитлари асосида берилиши ва Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларни уй билан таъминлаш учун қанча турар жой қурилиши ҳақида хабар қилинган эди.