NASA марсоходи тарихда илк бор Қизил сайёра атмосферасидан кислород ажратиб олди
Бу келажакда астронавтларни нафас оладиган ҳаво билан таъминлашга ёрдам бериши айтилган
NASAнинг «Perseverance» ровери тарихда биринчи бор «Moxie» экспериментал қурилмасидан фойдаланган ҳолда Марс атмосферасидан кислород чиқариб олди. Бу ҳақда АҚШ Миллий аэронавтика ва фазони тадқиқ қилиш бошқармаси (NASA) сайтида хабар берилди.

Маълум бўлишича, «Moxie» ускунаси 18 февраль куни Марсда «Perseverance» роверига синов тариқасида ўрнатилган. Тадқиқот 20 апрелда амалга оширилган. Қурилма Марсдаги карбонат ангидрид газига бой атмосферанинг бир қисмини кислородга айлантирган. У астронавт учун ўртача 10 дақиқа нафас олиш имконини берувчи 5 грамм кислородни ажратиб олган.
Таъкидланишича, Марснинг атмосфераси 96 фоиз карбонат ангидриддан иборат. «Moxie» кислород атомларини битта углерод ва иккита кислород атомидан ташкил топган карбонат ангидрид молекулаларидан ажратади. Шу билан бирга, сайёра атмосферасига қолдиқ маҳсулот — углерод оксидини чиқаради. Бироқ бу учун 800 даража цельсий атрофидаги юқори ҳарорат талаб этилади.
NASA олимлари янги қурилма бир кун келиб астронавтларни нафас оладиган ҳаво билан таъминлашини таъкидлаган. Шунингдек, кислород космонавтларнинг ортга қайтишига имкон берадиган ракеталар учун ёқилғидан фойдаланишнинг асосий омили экани қайд этилган.
Аввалроқ NASA космонавтларни Ойга учириш учун «SpaceX» билан шартнома имзолагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, NASA Марсдаги об-ҳаво ҳақида илк ҳисоботни тайёрлагани маълум қилинган.