Кинотақриз. Дунё киносининг дурдона асари — «Етти самурай» ҳақида
Кино санъатида шундай режиссёрлар ва фильмлар борки, уларсиз на классик киноларни ва на замонавий фильмларнинг ҳозирги муваффақиятини тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди. Акира Куросава, шубҳасиз, шундай режиссёрлардан бири ҳисобланади. Унинг «Етти самурай» фильми эса ўзидан қолдирган эстетик меъроси сабаб барча даврларнинг энг яхши 10 талик фильмлар рўйхатига кирган ва ўзидан кейинги кўплаб фильмларни илҳомлантирган фильмлардан бирига айланган. Фильм 1954 йил 26 апрельда катта экранларга чиқарилган эди. «Bugun.uz» мазкур дурдона асар ҳақида ҳикоя қилади.
Кино ҳақида

«Етти самурай» фильми машҳур япон режиссёри Акира Куросава томонидан яратилган бўлиб, ундаги воқеалар Япония тарихидаги Сэнгоку даврининг 1580-1590 йилларини ёритган. Сценарийнинг ички можаролар билан давом этаётган Сэнгоку даврини, жиноятчилик авж олган паллаларни, қийинчиликда кун кўрувчи деҳқонлар ҳаётини ва ўзига ҳос самурайча жангларни қамраб олгани фильмни муваффақиятга эришишга ва самурайлар ҳақидаги энг зўр фильм бўлишига ҳисса қўшган. Куросава ушбу фильмда кўплаб маҳоратли актёрларни келажакдаги машҳурлигига етаклаган. Режиссёр ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда, бу фильмда ҳам машҳур актёр Тоширо Мифунэ билан биргаликда ишлаган.
Сюжет
Фильм икки қисмга бўлинган сюжет линиялари билан давом этади. Биринчи қисм бир гуруҳ жиноятчиларнинг оддий деҳқонлар қишлоғига ҳужум уюштириш режаси билан бошланади.
XVI аср иккинчи ярми, Адзути-Момояма эпохаси. Ички урушлар ва давлатдаги доимий тартибсизликлар натижасида энг кўп азият чеккан деҳқонлар — мамлакатнинг энг кучсиз гуруҳига айланиб улгурган. Уларнинг ҳатто энг фундаментал ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинмагани учун деҳқонлар қароқчиларнинг асосий ўлжаси бўлиб қолган. Даҳшатли азобларни бошдан кечирувчи, лекин жанг қилишни билмайдиган аҳолининг тинкаси қуригач, ўзлари учун самурай ёллашни режа қилади. Улар учун озиқ-овқатдан бошқа нарса ваъда қила олишмагани учун деҳқонлар ронинлар — хўжайинини йўқотган, моддий қийинчиликда яшаётган самурайларни ёллашади. Турли характер, тажриба ва ҳаёт тарзига эга бўлган етти самурай тўпланганида, улар қароқчиларга қарши жанг режаларини тузишни бошлайди. Сюжет линиясининг биринчи қисми самурайларнинг бир-бирлари ва қишлоқ аҳолиси билан танишиши орқали ниҳоясига етади.
Сюжетнинг иккинчи қисми эса асосан жанглар билан давом этади. Самурайлар айғоқчилик учун келган уч қароқчини ушлагач, уларнинг қишлоққа ҳужум режаларидан боxабар бўлишади. Шимада Камбэй бошчилигида иш кўраётган самурайлар талончиларга қарши кучли стратегик режаларни тузишади. Қароқчилар қишлоққа ҳужум қилганида эса улар самурайларнинг пистирмасига тушади. Кутилмаган жанг натижасида кўплаб талончилар ҳалок бўлади. Бир кун ичида уч марта қайта ҳужум уюштириб ҳам қишлоқни эгаллай олмаган қароқчилар чекинишга мажбур бўлади. Жанг натижасида нафақат қароқчилар, балки кўплаб деҳқонлар ва самурайлар ҳалок бўлади. Эртаси куни якуний ҳужумни бошлаган қароқчилар самурайлар қўйган тузоққа келиб тушади. Тирик қолган 13 нафар талончиларнинг барчаси ушбу сўнгги жангда ҳалок бўлади. Якуний жангдан сўнг эса фақатгина уч нафар самурай тирик қолади. Деҳқонлар билан бирга марҳумларни қабрга кўмган Камбэй ушбу жангда самурайлар ҳам мағлубиятга учраганини, фақатгина деҳқонлар ғалаба қилганини айтиб ўтади.

Таҳлил
«Етти самурай» фильми ажойиб жанг саҳналарини, турли хил уруш стратегияларини, инсон характерини очиб беришдаги турли талқинларни, шахсларнинг ахлоқий ва руҳий такоммилигини, инсон ҳаётидаги ишқий муносабатларнинг ўрнини, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги курашларни ва инсоннинг доимий эзгуликка интилиши кераклигини кўрсатиб берган ўткир драматик зиддиятлар устига қурилган сценарий асосида яратилган. Фильмда инсон табиати нейтрал кўринишда акс эттирилиб, уят ҳисси жамият томонидан якка шахсларни назорат қилиш учунгина қўлланилишини кўрсатган.
Кинодан иқтибос: «Бошқаларни ҳимоя қилиб — ўзингни қутқариб қоласан. Фақат ўзингнигина ўйласанг — тезда ҳалок бўласан. Бу уруш қонуни».
Юқоридаги иқтибос орқали режиссёр инсон табиатига нисбатан бирдамлик каби тушунчалар қай даражада муҳим эканини кўрсатиш билан уруш табиатига ўз таърифини бериб ўтган. Бу иқтибос билан самурайлар деҳқонларни ҳимоя қилгани учун ҳам тирик қолгани, фақатгина ўзини ўйлаш эса ўлимга олиб келгани Кикучиё мисолида кўрсатилган. Худбинлик қилмай, бошқаларни ўйлаш кераклиги, ўз навбатида, яхшилик меъзонларини қайта таснифлаган. Индивидуаллик ва жавобгарлик ҳислари кесишган паллада самурайлар учун яралган ахлоқий дилемманинг аҳамияти кейинчалик уларнинг шахсий ривожланганида кўрсатилган.
Фильмда қаҳрамонларнинг характери ва яшаш тарзи орқали эса нисбий ахлоқ тушунчаси илгари сурилган. Ҳар бир самурай учун нима яхши ва ёмонлиги — уларнинг ҳаёти давомида бошидан ўтказган тажрибалари орқали шаклланган. Мутлақ ахлоқ қоидалари йўқлиги талончиларнинг яхшилик мезонлари деҳқонларга ҳосилларини йиғиб олишга вақт бергани билан кўрсатилган.
Куросава Сэнгоку даври — Япония тарихидаги энг тартибсиз давр билан мутлақ ахлоқ қоидалари бўлмаган дунёда инсон бошқаларнинг ҳаёти учун ўзига бурч ва масъулият яратиши яхшилик мезонининг асоси эканини кўрсатган.
Фильмда шу билан бирга синфий иерархия ҳам кучли танқид қилинган. Сэнгоку давридаги деҳқон ёки камбағал оилада туғилганлар азобда яшаши, ҳаётини яхшилашга заррача имконлари бўлмаслиги — уларнинг ушбу тақдирга синфий табақа сабаб маҳкум қилинганини кўрсатган.
Фильмнинг ўзидан қолдирган меъроси
«Етти самурай» фильми жангари жанридаги илк замонавий фильм ҳисобланади. Фильмдаги кўплаб элементлар — уруш саҳналаридаги нисбатан секинлаштирган тасвирларни яратиш юзасидан ҳам тарихдаги илк фильм ҳисобланади. Фильмда жангдаги ҳар бир инсоннинг аҳамияти бош қаҳрамоннинг ўлганлар сонини ҳисоблаб кетиши билан муваффақиятли тарзда кўрсатилган.

«Етти самурай» фильми кўплаб ремейклар орқали яратилган «Қойилмақом еттилик» фильмларига, спагетти вестерн жанридаги кинолар қироли бўлган Сержо Леоненинг энг машҳур «Доллар трилогияси»га, самовий фэнтези жанрлари отаси бўлган Жорж Лукаснинг «Юлдузлар жанги» франшизасига, энг машҳур фэнтези трилогияси бўлган «Узуклар ҳукмдори» фильмларига, «Матрица» трилогиясининг якуний қисмига, Квентин Тарантинонинг «Озод Жанго» ва «Шарафсиз ифлослар» фильмларига, шу билан бирга, «Телба Макс», «Адолат лигаси», «Қасоскорлар», «Қасоскорлар: чексизлик жанги» ва «Қил устида югурувчи» каби фильмларнинг яралишига кучли таъсир ўтказгани билан ажралиб туради.
Хулоса
Қисқа қилиб айтганда, замонавий фильмларни «Етти самурай»сиз тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди. Кўплаб постмодерн жанридаги фильмларнинг асоси бўлган «Етти самурай» кўплаб машҳур режиссёрларнинг энг севимли фильми бўлиши билан бирга, барча кино танқидчилар томонидан кўриш шарт бўлган фильм деб юритилади. Кучли драмани ўзига ҳос жангари жанри билан уйғунлаштириб, тарихий кинога чуқур фалсафий урғу берилгани — «Етти самурай» фильмини дунё киносининг дурдона асари бўлишига хизмат қилган.