AОКAда 22 апрел, пайшанба куни ўтказилган матбуот анжуманида Олий таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари ОТМлар битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида вазирлик нималарни режалаштиргани ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Хабарга кўра, 2019/2020 ўқув йилида жами 72 424 нафар талаба республика олий таълим муассасаларини (ОТМ) тамомлаган. Шундан 66 643 (18 434 нафари грант асосида) нафари бакалавриатни, 5 781 (1 537 нафари грант асосида) нафари магистратурани тамомлаган ҳамда бакалавриат битирувчиларининг 57 115 нафари иш билан таъминланган. Бу умумий битирувчилар сонига нисбатан 89,6 фоизни ташкил этади.

2020/2021 ўқув йилида республика ОТМларини жами 110 975 нафар талабанинг битириши кутилмоқда. Шундан 100 908 нафари бакалавриат, 10 067 нафари магистратура битирувчилари ҳисобланади. Шунингдек,  ҳар йили битирувчилар тўғрисидаги маълумотлар (вилоятлар ва туманлар кесимида) фойдаланиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳамда йирик иш берувчи компания ва бирлашмаларга юборилади.

Ҳозирда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан битирувчиларнинг электрон базаси шакллантирилган. Ушбу базани вилоят ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар, шу билан бирга йирик иш берувчилар билан интеграсия қилиш бўйича ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди.

Жумладан, ОТМларда битирувчилар бандлигини таъминлашга кўмакалашиш мақсадида иш берувчилар иштирокида «Карьера кунлари» тадбирларини даврий равишда ташкил этиш йўлга қўйилган. Хусусан, ОТМларда «Карьера» марказининг фаолиятини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

«Карьера» марказларида талабаларга меҳнат фаолиятига оид қонун ҳужжатлари, меҳнат бозоридаги ҳолат, корхоналарга оид маълумотлар, ишга кириш учун резюме тайёрлаш, суҳбатдан ўтиш усуллари билан таништириш кўникмалари ўқитилади. Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида «Битирувчилар жамғармаси», «Битирувчилар клуби» кабиларни ҳам ташкил этиш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, 2019/2020 ўқув йили битирувчиларига янги намунадаги диплом (QR-кодли) ва янги намунадаги диплом иловаси берилди. Бу иш берувчиларга битирувчилар тўғрисида кўпроқ маълумотга эга бўлишда анчагина қулайлик яратади. Диплом ва иловадан (QR-код орқали ҳам) иш берувчи керакли маълумотларни тўлиқ юклаб олиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 30 та ОТМ 2022 йилдан ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиши, шунингдек, Олий таълим тизимида давлат грантлари сони 25 фоизга оширилиши ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, Тошкентда «Ёшлар дафтари»га киритилганларнинг ўқув курси пуллари тўлаб берилиши хабар қилинган.