Ўзбекистонда туризм, спорт ва маданият соҳаларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар қабул қилинди
Самарқандда бош вазир ўринбосари бошчилигида туризм, спорт ва маданият соҳаларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар қабул қилинди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 2021 йил 16 апрель куни Самарқандда Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессияда туризм, спорт ва маданият соҳаларини ривожлантириш бўйича берилган топшириқлар юзасидан қатор лойиҳалар белгиланган.
1. Туризм соҳасини ривожлантириш бўйича: 2021 йилда мамлакат ҳудудидан Самарқанд вилоятига жами 1,3 миллион нафар маҳаллий, пандемия билан боғлиқ вазият яхшиланишига қараб:
- туризмга 220 минг нафар сайёҳларни жалб қилиш орқали туризм соҳасидаги 1000 та иш ўринини қайта тиклаш;
- туристлар оқими ва йўловчилар сонини кескин ошириш, хорижий авиакомпанияларни «Самарқанд аэропорти Ўзбекистон халқаро туризм дарвозаси» концепцияси асосида Самарқанд халқаро аэропортига жалб қилиш бўйича зарурий чора-тадбирлар амалга ошириш;
- «Умра+» дастури бўйича хорижий мамлакатлардан зиёратчи туристларни Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги зиёратгоҳларга фаол жалб этиш мақсадида Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида молиялаштириш манбаларини аниқ кўрсатган ҳолда Туризм ва спорт вазирлиги ваколатхонасини ташкил қилиш:
- Самарқанд вилоятининг зиёрат туризми салоҳиятини ҳамда «Умра+» дастури бўйича зиёратларни Самарқанд орқали ташкил этиш имкониятларини кенг тарғиб қилиш мақсадида Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Туркия ва МДҲ мамлакатлари бўйлаб тадбирларини ташкил этиш ҳамда «Умра+» дастури бўйича турларни ташкил этувчи туркомпаниялар, транспорт-логистика компаниялари ва авиаташувчилар учун қўшимча имтиёзлар бериш;
- номавсумий туризм даврида «Ички туризм ойлиги», «Ички туризм ҳафталиги» ҳамда «Ички туризм кунлари» ташкил этиш;
- Самарқандда майдони 18 000 квадрат метрни ташкил этувчи халқаро конгресс маркази ва кўргазма мажмуаларини ташкил этиш орқали Самарқанд шаҳри МИCЭ туризм ва халқаро-сиёсий анжуманлар марказига айланиши, марказ ишга туширилгандан кейин 2000 иш ўрни яратилиши такидланган.

Шунингдек, 21 та маданий мерос объектини реставрация қилиш ҳамда ободонлаштириш учун 32,2 миллиард сўм, 10 та маданий мерос объектида 15,3 миллиард сўмлик туризм ва ёндош инфратузилмаларни барпо этиш, 10 та объектида йўл инфратузилмасини яхшилаш учун 34,0 миллиард сўм, 10 та объектда 9,6 миллиард сўмлик ичимлик суви, канализация ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш учун ажратилиши айтилган.
2. Маданий мерос масалалари бўйича Самарқанд шаҳри Мирзо Бобур кўчасида «Буюк Ипак йўли» музейини ташкил этиш концепцияси ишлаб чиқилган.
Музейда голограммалар, 3D моделлаштириш, VR тизимлар ва бошқа замонавий технологиялар жорий этилади. Самарқанд вилоятида жами 1607 та моддий мерос объектлари мавжуд бўлиб, уларни давлат кадастр ҳужжатлари шакллантирилиб, ҳужжатларини давлат рўйхатига олинмоқда. Вилоятдаги маданий мерос объектларидан 13 тасига Wi-Fi ва QR-кодлар, 50 тасига аудиогидлар ва 25 тасига сайёҳлар ва аҳолининг киришини электрон ҳисобга олиш учун замонавий турникетлар ўрнатилиши маълум қилинган.
3. Халқаро анжуманларга тайёргарлик кўриш йўналиши бўйича Самарқанд вилоятида ўтказилиши режалаштирилган халқаро анжуманларга тайёргарлик кўриш доирасида шаҳар инфратузилмасини яхшилаш таъкидланган. Жумладан:
- Президентнинг тегишли қарори асосида ажратилган 978,9 миллиард сўм миқдордаги маблағ ҳисобидан Самарқанд шаҳрида 83,4 километр автомобиль йўлларини «девордан-деворгача» тамойили асосида капитал таъмирлаш ишлари ва 41,5 километр ахборот коммуникация тармоқларини қуриш;
- 100,3 километр электр тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича жами 20 та лойиҳа ва 4 та янги подстанция қуриш, 25 километр ичимлик суви тармоқлари қуриш, 14,1 километр газ тармоқларини тортиш ишларини амалга ошириш айтилган.
4. Спорт соҳасини ривожлантириш бўйича 2021 йилда инвестиция дастури асосида 28 миллиард сўм маблағ доирасида 5 та спорт иншооти янгидан қурилади.
Таъкидланишича, 154 ўринга мўлжалланган футбол академияси қуриш режалаштирилган. Шунингдек:
- бюджет ҳамда хусусий сектор маблағлари ҳисобидан 60,4 миллиард сўм маблағ ҳисобига 181 та спорт иншооти ва майдончалари, хусусан, 56 та воркаут, 33 та стритбол, 32 та бадминтон, 60 та мини-футбол майдонлари қуриш;
- вилоят туманларида 104,35 километр узунликда «Саломатлик йўлаклари» ҳамда 109,84 километр узунликда «Велосипед йўлакчалари» қуриш;
- 2021–2023 йилларда 8 та спорт иншоотини янгидан қуриш, 23 та мавжуд спорт иншоотларини қайта реконструкция қилиш режалаштирилган.
Маълум қилинишича, давлат-хусусий шериклик асосида 66,5 миллиард сўмга жами 11 та спорт иншооти, хусусан, 3 та замонавий футбол майдони, 7 та спорт мажмуаси, 1 та замонавий бассейн барпо этилиши айтилган.

5. Маданият ва санъат соҳаси бўйича 2021 йилда вилоятдаги маҳалла ва маданият марказлари билан «Маҳаллабай тўгараклар» лойиҳасини амалга ошириб, 180 та тўгарак ташкил этиш, тўгаракларга 1500 нафар иштирокчи қамраб олиниши маълум қилинган.
Шунингдек, 2021 йил охиригача мусиқа ва санъат мактаблари, умумтаълим мактаблари ўртасида ансамбль ташкил этиб, 960 нафар ўқувчиларни жалб қилиш кўзда тутилган.
«Энг муҳими, ушбу ишларнинг амалга оширилиши натижасида кўплаб янги иш жойлари яратилиб, маҳаллий аҳолининг турмуш даражаси янада яхшиланади. Асосий мақсадимиз ҳам шу», – деди бош вазир ўринбосари.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги туризм марказини бориб кўргани, шунингдек, Азиз Абдуҳакимов туризм ва спорт вазири лавозимига тайинлангани хабар қилинган.