Бугун оқшоми. SMSлардан эҳтиёт бўлиш, Осиё чемпионати совриндорига иккита қўй, Ойда база, Марсда эса шаҳар қуриш таклифи ва 24 апрелнинг муҳим хабарлари
Бугунги куннинг энг муҳим ва актуал хабарлари билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.
Марказий банк пластик карта эгаларини телефонга келаётган SMS-кодни ҳеч кимга айтмаслик тўғрисида огоҳлантирди. Телефонга келган банк карталари билан боғлиқ бир марталик юборилган SMS-кодни, тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларнинг мобил иловаларига (Click, Payme ва шунга ўхшаш иловалар) кириш ҳуқуқини берувчи логин ва паролларни ҳеч кимга айтмаслик кераклиги таъкидланган. Агарда улар маълумотларни қўлга киритадиган бўлса, пластик картадаги пулларни кўчириб олиш ёки рухсатсиз бошқариш имконини қўлга киритади.

SMS-кодлар (келгани ҳам, келмагани ҳам) ва логин-пароллар кўп нарсани ҳал қилиши мумкин. Йирик бир ОАВнинг ходимининг аккаунтига уюштирилган хакерлик ҳужуми ҳам шулар жумласидан. Огоҳ бўлинг. Фирибгарларга алданиб қолманг.
«Ўнта қўй нима бўларди?! Душманларим аламидан куйиб ўлсин дейман-да»: Наманган вилояти ҳокими Осиё чемпионати совриндорига иккита қўй совға қилди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов 24 апрель куни тўрақўрғонлик курашчи қизга тикув машинаси ва иккита қўй совға қилди. Мадина Усмонжонова спортнинг эркин кураш йўналишида Қозоғистонда ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритган.

Курашчи ҳозирда яна бир мусобақага тайёргарлик кўрмоқда. Вилоят ҳокими матбуот хизматига кўра, ҳоким спортчи қизга тайёргарлик кўриш учун шароит яратиб бериш мақсадида тикув машинаси ва бир жуфт қўй совға қилган. Совға-ку, майли, кўнгилдан чиқариб берилади, аммо уни тўғри танлаш керак ёки мақсадни тўғри қўйиш керак. Масалан, «келажакда бир оиланинг муносиб бекаси бўлишга тайёргарлик кўриш учун шароит яратиб бериш». Хай, нима бўлганда ҳам спортчимизга зафарлар тилаймиз.
Бу вилоятдан узоқлашмаймиз. Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ташкил этилади. Охирги йилларда вилоятда урбанизация жараёни жадал давом этмоқда. Наманган шаҳри ҳудудининг 8,2 минг гектар ер майдони ҳамда 155,6 нафар аҳолисига эга яна бир Янги Наманган тумани ташкил этиш ва бу орқали фуқароларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш таклиф этилмоқда.
«Спутник V»нинг бошқа вакциналардан қандай фарқи бор?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходими Ботир Қурбоновнинг таъкидлашича, рус вакцинаси билан ҳам фуқаролар «ZF-UZ-VAC 2001» ва «АstraZeneca» вакциналари каби 2 марта эмланади. Аммо бу вакцина танага 2 марта юборилганда бошқа-бошқа флаконларда амалга оширилади. Қолган икки турдаги вакциналарда эса битта нарса икки мартадан танага юборилади. Шунингдек, «Спутник V» вакцинациясида 1-маротаба эмланиш ва 2-эмланиш ораси 28 кунни ташкил қилади.
Энг арзони Нукусда, энг қиммати Тошкентда. Республиканинг турли ҳудудларида гўшт нархи қанча?
Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, 1 килограмм суякли мол гўштининг минимал нархи Нукус, Наманган ва Урганч шаҳарларида қайд этилган — 45 минг сўм. Суякли мол гўштининг энг қиммат нархи эса Тошкент шаҳрининг «Миробод деҳқон бозори»да кузатилган — 67 000 сўм.

Қўй гўштининг минимал нархи (48 000 сўм) яна Нукус шаҳридаги бозорда қайд этилган бўлса, максимал нархи Тошкент шаҳрининг яна худди ўша бозорида кузатилган (78 минг сўм).
Ўсимлик ёғининг энг арзони ҳам, энг қиммати ҳам Тошкентда. Тошкент шаҳрининг «Қўйлиқ деҳқон бозори»да маҳаллий пахта ёғи 14 минг сўмдан, пахта ёғи 16 000–17 600 сўм оралиғида сотилган. Пойтахтдаги «Олой деҳқон бозори»да бир литр кунгабоқар ёғи 24 000 сўм баҳоланган.
Давлат статистика қўмитаси республика бозорларидаги бошқа маҳсулотларнинг ҳам нарх-наволарни маълум қилган.
Хўш, оламда нима гап?
«SpaceX» ва «Tesla» раҳбари Илон Маск инсоният учун Ойда доимий яшайдиган база, Марсда эса шаҳар яратишни таклиф қилди.

Маск инсоният Ойда кўп вақт бўлмагани учун у ерда доимий база қуриш кераклигини айтмоқда. Марсдаги шаҳар сайёрада одамлар яшашга шароит яратиш мақсадида қурилади.
Индонезияниг йўқолган денгизости кемаси Балидан топилди. Ушбу кема пастки сканерлаш натижасида 850 метр чуқурликдан топилган.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.