Бухорода чақалоқни сотмоқчи бўлган она-қиз қўлга олинди
Бухоро вилояти Пешку туманида яшовчи она ва қиз чақалоқни 8 миллион сўмга сотаётган пайт қўлга олинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ва Ғиждувон тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими томонидан ўтказилган тадбирда Пешку тумани Валфажир маҳалласида яшовчи Ж.Ф. (аёл) онаси билан жиноий тил бириктириб, энди туғилган чақалоғини сотмоқчи бўлган.
Таъкидланишича, она ва қиз тиббий муассаса ҳудудида чақалоқни 8 миллион сўмга сотаётган пайтда қўлга олинган. Ҳолат юзасидан она ва болага нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Андижонда 3 ойлик чақалоғини 700 долларга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани, шунингдек, Навоийда никоҳсиз туғилган чақалоғини 25 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани ҳақида хабар берилган.