Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ташкил этилди
Олий Мажлис Сенатининг 24 апрелдаги ўн тўртинчи ялпи мажлисида Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ташкил этилгани маълум қилинди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Наманган шаҳри 1926 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда унинг аҳолиси 640,1 минг нафарни, умумий ер майдони 18 минг гектарни ташкил қилмоқда. 2019 йилда вилоятнинг Чортоқ ва Наманган туманларидан 57 минг нафар аҳоли истиқомат қилувчи 6,3 минг гектар ер майдонлари Наманган шаҳри таркибига қўшилиши натижасида ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг шаҳар марказига қатновида турли муаммолар юзага келган.
Таъкидланишича, ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасалари шаҳар марказидан 15–20 километр узоқликда жойлашгани, саноат корхоналарининг камлиги сабабли фуқароларни иш билан таъминлашда муаммолар юзага келаётгани аҳоли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, 7 та маҳалла ичимлик суви билан тўлиқ таъминланмаган, ички йўллар эса бугунги кунда таъмирталаб ҳолатда.
2020 йилда Наманган шаҳри таркибида 4,9 минг гектар ер майдони ҳамда 151 минг нафар аҳолини ўз ичига олувчи Давлатобод тумани ташкил этилган. Натижада Давлатобод туманида бугунги кунда урбанизация жараёни жадаллашиб, янги инфратузилма объектлари барпо этилмоқда ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожланишига хизмат қилмоқда.
Шу сабабли ҳам Наманган шаҳри ҳудудининг 8,2 минг гектар ер майдони ҳамда 155,6 минг нафар аҳолисига эга яна бир Янги Наманган туманини ташкил этиш ва бу орқали фуқароларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш таклифи илгари сурилмоқда.
Муҳокама қилинаётган Сенат қарори лойиҳасига кўра, янгидан ташкил этиладиган туман ҳудудига 24 та маҳалла фуқаролари йиғини, 21 та умумтаълим мактаби, 40 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та тиббиёт муассасаси ва 12 та касалхона ўтказилмоқда.
Янги Наманган туманининг саноат ва ишлаб чиқаришдаги ролини ошириш мақсадида истиқболда 16 та саноат корхонаси ва 4 та кичик саноат зонаси фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бунинг натижасида саноат корхоналарида ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмларининг шаҳар саноатидаги умумий улуши 1 триллион сўмга етказилиб, минглаб янги иш ўринлари яратилади. Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинган.
Аввалроқ Президент қарори билан 219 та ҳудудда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда мебелчилар саноат зонаси ташкил этилиши маълум қилинган.