Наманганда чуқур қазиётган икки ишчи тупроқ остида қолиб, ҳалок бўлди — видео
Наманган шаҳрида 24 апрель куни икки ишчи кўп қаватли уйларга канализация чуқури кавлаш пайтида қум остида қолиб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳодиса соат 14:10 да Навоий кўчасида содир бўлган. Вилоят ФВБга шу кўчада олиб борилаётган қазиш ишлари давомида икки нафар ишчи тупроқ остида қолиб кетганлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Қутқарувчилар зудлик билан воқеа жойига етиб келиб, уларни тупроқ остидан чиқариб олиб, тиббиёт ходимларига топширган. Бироқ уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш иложсиз бўлган.
Ишчилар узунлиги 5 метр, эни 2 метр, чуқурлиги 4 метр бўлган жойда канализация қувурини қидириш ва тортиш ишларини бажарган. Эҳтиётсизлик оқибатида ён тупроқлар кўчиб, уларни босиб қолган.
Бирламчи маълумотларга кўра, улар Наманган ҳамда Чортоқ туманида яшовчи фуқаролар бўлган. Бирининг ёши 54 да, иккинчиси эса 50 да бўлган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда уй эгаси ўзи қазиган чуқурга тушиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик шу ҳудудда 52 ёшли аёл ўз уйидаги чуқурга тушиб кетгани хабар қилинган.