Ўзбекистонда хўжалик юритувчи субъектларнинг оқова сувни тозалаш самарадорлиги 15 фоизни ташкил қилиши маълум бўлди
AОКAда 23 апрель, жума куни ўтказилган матбуот анжуманида «Ўзсувтаъминот» AЖ мутасаддиси томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг оқова сувни тозалаш самарадорлиги бор-йўғи 15 фоизни ташкил қилиши ҳақида ахборот берилди. Бу ҳақда анжуманда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Таъкидланишича, оқова сув тозалаш иншоотларининг 49 таси (84 фоизи) бугунги кунда таъмирталаб бўлиб, жисмонан эскирган. Тизимдаги 8621 километр оқова сув коллекторлари ва тармоқлари ҳозирда фойдаланишда. Қорақалпоғистон Республикасида 42 километр, Жиззахда 43 километр, Қашқадарёда 46 километр, Хоразмда 64 километр, Бухорода 46 километр, Сурхондарёда 23 километр узунликдаги канализация тармоқларини мукаммал таъмирлаш талаб этилади.
Шунингдек, оқова сувларни тозалаш иншоотларида жами 225 та оқова сув ҳайдаш насос станциялари мавжуд бўлиб, бугунги кунда уларнинг 41 фоизи носоз ҳолатда. Шу билан бирга, республикадаги 1830 та хўжалик юритувчи субъектдан 1 664 тасида ёки 91 фоизида маҳаллий тозалаш иншоотлари мавжуд эмас. Қолган 9 фоизининг ҳам оқова сувларни тозалаш бўйича самарадорлик бор-йўғи 15 фоизни ташкил қилади.
Ташкилот мутасаддисининг сўзларига кўра, мазкур ҳолатларни бартараф этиш мақсадида республикадаги мавжуд канализация тизимлари ва тозалаш иншоотларини янгидан қуриш, реконструкция, модернизация қилиш учун халқаро молия институтларининг узоқ муддатли имтиёзли кредитларини жалб этиш ҳамда республика бюджети ва турли фондлар маблағлари ҳисобига дастурлар шакллантирилиб, ижроси таъминланмоқда.
Жумладан, «Сув таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш», Инқирозга қарши курашиш жамғармалари ҳисобидан ҳамда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш дастури доирасида 2020 йилда 265 километр оқова сув тармоқлари, 28 дона оқова сув тозалаш иншооти, 21 дона оқова сув насос станциялари қурилган ва реконструкция қилинган. Хусусан, республикада амалга оширилаётган барча дастурлар доирасида 370 минг нафардан ортиқ аҳолининг оқова сув хизмати яхшиланишига эришилган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Ўзбекистонда сувни ташиб ичадиган аҳоли сони маълум қилгани ҳақида хабар берилганди.