Ўзбекистонда қурилиш-монтаж ишларини назорат қилиш учун ахборот тизими ишга туширилди
AОКAда Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Рамзиддин Эгамбердиев иштирокида 24 апрель куни бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда қурилиш-монтаж ишларини назорат қилиш учун ахборот тизими йўлга қўйилгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳозирда Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази томонидан «Қурилишдаги назорат» ахборот тизимининг 3 та версияси ишлаб чиқилган.
Мутахассиснинг таъкидлашича, ҳудудий инспекторларга планшетда андроид версия, ҳудудий инспекция ходимларининг шахсий компьютерлари учун веб версия ва тизимнинг қолган иштирокчилари, яъни буюртмачи, лойиҳачи ва пудрат ташкилотининг ички назоратчилари учун мобил версиялар ишга туширилган.
Қайд этилишича, ҳудудий инспекторлар назорат ишларини олиб боришларида мажбурий фотофиксация ва доимий локация функцияларининг йўлга қўйилиши барча инспекторларнинг қурилиш объектларига белгиланган муддатларда боришларини таъминлайди.
Аввалроқ Ўзбекистонда сув ресурсларининг автоматлаштирилган идоралараро ахборот тизими ишга туширилагани, Ўзбекистон ҳудудида дронлардан фойдаланиш бўйича ягона ахборот тизими жорий этилгани ҳақида хабар берилганди.