Президент мактабига ҳужжат топшириш учун қайси фанларни аъло баҳога тугатган бўлиши кераклиги айтилди
AОКAда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова иштирокида 24 апрель куни бўлиб ўтган брифингда Президент мактабига ҳужжат топшириш учун қайси фанларни аъло баҳога тугатган бўлиши кераклиги айтилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, Президент мактабига ҳужжат топшириш учун талабгорлар 2020/2021 ўқув йилини қуйидаги фанлардан аъло баҳога тугатган бўлиши керак:
- 4-синф учун – математика, табиатшунослик;
- 5-синф учун – математика, биология, информатика ва ахборот технологиялари;
- 6-синф учун – математика, биология, информатика ва ахборот технологиялари, физика;
- 7-синф учун – алгебра, геометрия, биология, информатика ва ахборот технологиялари, физика, кимё;
- 8-синф учун – алгебра, геометрия, биология, информатика ва ахборот технологиялари, физика, кимё;
- 9-синф учун – алгебра, геометрия, биология, информатика ва ахборот технологиялари, физика, кимё фанларидан йиллик аъло баҳо талаб этилиши қайд этилган.
Агентлик ахборот хизмати раҳбарининг таъкидлашича, талабгор ўқиётган мактаб Президент мактаби жойлашган ҳудудга мансуб бўлиши лозим. Бундан ташқари, талабгор мактабга қабул қилинган тақдирда, унинг қонуний вакили ўқувчини 5 кун давомида интернат шаклида таълим олишига розилик билдириши талаб этилади.
Маълумот учун, Президент мактабларида математика, физика, кимё, биология ва компютер таълими инглиз тилида олиб борилади.
Аввалроқ Президент мактаби имтиҳонларига тайёрлайдиган китоблар сотилаётгани айтилган хабарга ойдинлик киритилгани ҳақида хабар берилганди.