Самарқандда тез тиббий ёрдамга ишга киритишини айтиб, пора олган ҳамшира қўлга тушди
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида 21 апрель куни тез тиббий ёрдамга ишга олиб кириб қўйишини айтиб, пора олган ҳамшира қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Пастдарғом туманида 21 апрель куни 33 ёшли ҳамшира М.У. таниши 38 ёшли С.Ш.ни тез тиббий ёрамга ишга олиб кириб қўйишини айтиб, ундан иш жойида 600 доллар пора олаётган пайтда жиноят қидирув бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган.

Ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан У.Мга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (Фирибгарлик, яъни хизмат мавқеидан фойдаланиб ўзганинг мулкини қўлга киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда қўриқлаш хизматига олиб кириб қўйишини айтиб, фуқародан пора олган эркак қўлга тушгани хабар қилинган.