AОКAда 23 апрель, жума куни ўтказилган брифингда ССВ ходими Ботир Қурбонов «Спутник V» вакцинасининг Ўзбекистонга келтирилган бошқа вакциналардан фарқини маълум қилди. У бу ҳақда «Bugun.uz» мухбирига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Мутахассис ҳар бир вакцинанинг ишлаб чиқарувчи ташкилоти томонидан қай тартибда ва қанча миқдорда қилиниши 3 клиник синов босқичларига кўра белгиланишини айтди. Шунингдек, у вакциналарнинг эмланиш доирасидаги фарқини тушунтирди.

Унинг сўзларига кўра, «ZF-UZ-VAC 2001» ўзбек-хитой вакцинаси билан фуқаролар 3 босқичда эмланади. «AvstraZeneca» ва Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Covishield» вакциналари билан 2 марта эмланиш керак. «Спутник V» вакцинаси билан эса юқоридаги 2 вакцина каби 2 маротаба эмланиши тавсия қилинади.

Ботир Қурбоновнинг таъкидлашича, «Спутник V» вакцинаси танага 2 марта юборилганда бошқа-бошқа флаконларда амалга оширилади. 1- ва 2-маротаба қилинадиган вакциналарда фарқ мавжуд. «Covishield» ва «ZF-UZ-VAC 2001» вакциналарида эса ушбу бир турдаги вакцинанинг ҳеч қандай фарқи йўқ. Фақатгина такроран эмланиши жиҳатидан иммуниологик ҳолат ёки антитаначаларнинг янада кучайишига олиб келади.

«’Спутник V’ вакцинациясида 1-маротаба эмланиш ва 2-эмланиш ораси 28 кунни ташкил қилади. 1-эмланишдан кейин 2-сида таркибда бир оз ўзгариш қилинган. 2-фарқи эса сақланиши, ташилиши ва фойдаланиши билан боғлиқ. Рус вакцинаси -18 градус ҳароратда сақланишни тақозо қилади. Шунингдек, очилганидан сўнг 2 соат мобайнида зудлик билан ишлатилиши зарур. 1 маротаба эритилганидан сўнг қайта музлатиш мумкин эмаслиги унинг бошқа вакциналардан фарқи ҳисобланади», — деди Ботир Қурбонов.

ССВ ходими, шу билан бирга, вакциналар қаерда ишлаб чиқарилмасин, уларнинг бари одамларда касаллик чақирилиш омилини камайтириш, қарши курашиш қобилиятини оширишдан иборатлигини айтди. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси вакциналар сифати турлича, деган қарашлардан йироқ бўлиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Аввалроқ Ўзбекистонга Россиянинг «Спутник V» вакцинаси олиб келингани, вакцинанинг рўйхатдан ўтказиш ишлари бошлангани маълум қилинганди. Шунингдек, вакцинани қўллашга рухсат берилгани ҳамда Ўзбекистонда ушбу вакцина билан эмлаш қачон бошланиши маълум қилинган эди.