Вазирлар Маҳкамаси ташқи реклама бозори тўғрисидаги қарорни нега қабул қилди?
Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида бўлиб ўтган ташқи реклама объектлари мавзусидаги очиқ мулоқотда Вазирлар Маҳкамасининг ушбу соҳадаги янги қарори нима мақсадда қабул қилингани айтилди. Бу ҳақда ассоциация ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йил 20 февралда Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги янги қарор қабул қилинган. Ташқи реклама билан боғлиқ бир қатор янги талаблар белгиланган.
Ушбу қарорнинг қабул қилинишига эса қуйидаги омиллар сабаб қилиб кўрсатилган:
- Ҳар бир ҳудудда ташқи реклама бўйича турли ёндашувлар асосида алоҳида тартиблар ўрнатилгани сабабли бир неча ҳудудда ўз фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлар турли ноқулайликларга дуч келарди.
- Ташқи реклама объектларини қуриш учун бериладиган ер участкалари рўйхати шакллантирилмаган ва бу борада шаффофлик таъминланмаган эди.
- Ташқи реклама объектларини ўрнатиш учун тузилган шартномалар ва берилган паспортларнинг амал қилиш муддатлари аниқ белгиланмаган, бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари паймол бўлишига олиб келмоқда эди.
- Ташқи реклама конструкцияларини жойлаштирганлик учун тарифларни белгилашда ягона ёндашув таъминланмаган, яъни ҳисоблаш тартиби, методикаси (формуласи) йўқ эди.
- Ҳокимликларда ташқи реклама масалалари билан бевосита шуғулланувчи тузилма мавжуд бўлмаганлиги оқибатида ташқи рекламани назорат қилиш ишлари яқин вақтларгача эътибордан бутунлай четда қолиб келган.
Аввалроқ Антимонополия қўмитаси Тошкент шаҳрида бузилаётган реклама баннерлари бўйича изоҳ берганди. Шунингдек, Тошкентда ташқи реклама объектларини жойлаштиришга йил охирига қадар мораторий эълон қилингани хабар қилинган.