АҚШнинг Хельсинки комиссияси раҳбари, демократ сенатор Бен Кардин, республикачи сенатор Рожер Уикер ва конгрессмен Жо Уилсон Жо Байден маъмуриятини ҳибсдаги россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлашда фаолроқ бўлишга чақирган баёнотни эълон қилди. Ушбу баёнотда Россия президенти Владимир Путин доирасидаги исмлари келтириб ўтилган йирик ишбилармонларга қарши санкцияларни жорий этиш кўзда тутилган.

Фото: «cnews.ru»

Келтирилишича, баёнотда комиссия раҳбарлари Навалнийнинг соғлиғи оғирлиги, шунингдек, 21 апрель куни Россияда намойишчиларнинг ҳибсга олиниши тўғрисидаги хабарларга эътибор қаратиб, бунда Россия махсус хизматларини айблаган.

«Энди у яна Россия қамоқхонасида азоб чекаётган экан, биз Навалнийнинг Владимир Путинга энг яқин одамларга, жумладан Роман Абрамович, Алишер Усмонов, Игор Шувалов ва Николай Токарев каби таниқли олигархларга нисбатан санкция бериш тўғрисидаги таклифини кўриб чиқишимиз керак», дейилган хабарда.

Шунингдек, конгресс аъзоси Уилсон бу Владимир Путиннинг ҳокимиятда қолишга қаратилган сўнгги уриниши ва пировардида барбод бўлишини айтган.

Аввалроқ Алишер Усмонов Ўзбекистонда қандай соҳаларга сармоя киритиш кераклигини айтгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Алишер Усмоновнинг компанияси Ўзбекиcтон ёқилғи-энергетика комплексини рақамлаштиришда қатнашгани маълум қилинган.