Ўзбекистонда 2020 йилда аёллар тадбиркорлиги учун қанча кредит ажратилгани айтилди
Танзила Норбоева раислигида ўтказилган Сенатнинг 24 апрелда давом этган ўн тўртинчи ялпи мажлисида 2020 йилда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида қанча кредит ажратилгани ва уларнинг бандлигини таъминлаш учун қанча иш ўрни яратилгани ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланишича, 2020 йилда 5,5 минг нафар аёлнинг кичик бизнес лойиҳалари учун имтиёзли кредит асосида 102 миллиард сўм маблағ ажратилиб, хотин-қизлар учун 4364 та янги иш ўрни яратилган. Бугунги кунга келиб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган жами 69 877 нафар хотин-қизнинг 28 фоизига ёки 19 643 нафарига Халқ банки томонидан кредитлар ажратилган.
Шунингдек, қишлоқ жойларда вақтинча ишсиз аёллар ва умумтаълим мактаблари битирувчиларини тадбиркорликка йўналтириш, уларнинг молиявий саводхонлигини ошириш учун онлайн «Biznes klinika»лар ташкил қилинган. Шу билан бирга, хотин-қизлар тадбиркорлиги борасида ягона ва яхлит «Маҳалла–туман (шаҳар)–вилоят–республика» тизими йўлга қўйилган. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси томонидан «Тадбиркор аёлларга ташкилий, ижтимоий-ҳуқуқий, молиявий, психологик ва бошқа турдаги кўмаклашиш бўйича чора-тадбирлар дастури» ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилган.
Қайд этилишича, 16 500 нафар фаолиятини тўхтатган хотин-қизга бандлик, меҳнат ҳуқуқи ва меҳнат муҳофазаси масалалари бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатилган, 11 890 нафарига тадбиркорлик фаолиятини қайта бошлашда кўмак берилиб, ўқиш билан боғлиқ харажатлари қоплаб берилган.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда тадбиркорликни бошламоқчи бўлган хотин-қизларга қанча кредит ажратилиши маълум бўлди
Аввалроқ Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилгани ва Ўзбекистонда имконияти чекланган хотин-қизлар учун давлат мукофоти жорий этилиши хабар қилинган эди.