Президент мактабларида ишламоқчи бўлган кадрларни саралаш 3 босқичда ташкил этилади
AОКAда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова иштирокида 24 апрель куни бўлиб ўтган брифингда Президент мактабларига ишга киришни истаган педагог кадрларни саралаш уч босқичда ташкил этилиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, Президент мактабларига ишга киришни истаган педагог кадрларни саралаш қуйидаги босқичларда ташкил этилади:
• веб-сайтда ариза бериш ва ҳужжатларни тақдим қилиш;
• тест синовлари;
• суҳбат (онлайн/офлайн).
Қайд этилишича, танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар мувофиқ шаклда job.piima.uz веб-сайти орқали мурожаат қилиши лозим. Мутахассиснинг таъкидлашича, тест Таълим сифатини назорат килиш давлат инспекцияси томонидан тузилган тест синовлари асосида ўтказилади.
«Ишчи гуруҳ хулосасига асосан, номзод онлайн тест-платформаси орқали ёки қоғоз варианти шаклида 40 саволдан иборат тест топширади. Тест синовлари 100 балли тизимда бўлиб, ундан 50 ва ундан юқори балл олган номзод суҳбатга чақирилади», — дейди Дилфуза Собирова.
Унинг сўзларига кўра, суҳбат якунлари бўйича комиссия аъзолари томонидан номзодга қўйилган баллар автоматик тарзда умумлаштирилиб, ўртача балл чиқарилади. Натижада суҳбатдан 65 баллдан юқори олган номзод ишга таклиф қилинади. Шунингдек, у тенг натижалар юзага келган ҳолда, яъни бир нечта номзод бир хил умумий балл тўплаган вазиятда номзодни танлаш танлов комиссияси ихтиёрига қолдирилишини қайд этган.
Аввалроқ Президент мактаби имтиҳонларига тайёрлайдиган китоблар сотилаётгани айтилган хабарга ойдинлик киритилганди.