Тошкент вилоятидаги яна бир институт онлайн таълимга ўтказилди
Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти 24 апрелдан масофавий таълимга ўтказилди. Бу ҳақда институт ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Хабарга кўра, институтнинг 7 нафар талабасида коронавирус аниқланган. Коронавирус аниқланган талабаларнинг барчаси 1-курс экани таъкидланган. Мазкур талабаларнинг барчаси институтнинг турли ўқув биноларида таълим олган. Шу сабабли институт Чирчиқ шаҳар давлат санитария эпидемиология осойишталик марказининг тавсиясига кўра, икки ҳафта муддатга масофавий таълимга ўтказилди.
Бундан ташқари, 6 апрель куни институтнинг Табиий фанлар факультетида ўқийдиган талабада коронавирус аниқлангани сабабли факультет онлайн таълимга ўтказилган эди. Институт ахборот хизматининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, коронавирус аниқланган мазкур факультет талабаси буткул соғайган.
Маълумот ўрнида, шу пайтга қадар қуйидаги олий таълим муассасалари 14 кунга масофавий таълимга ўтказилган:
- Ўзбекистон давлат консерваторияси
- Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети
- Тошкент кимё-технология институтининг айрим факультетлари
- Тошкент молия институти
- Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети
- Жаҳон тиллари университети
- Самарқанд давлат чет тиллар институти
- Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти
Эслатиб ўтамиз, Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университетнинг айрим факультетлари 22 апрелдан масофавий таълимга ўтказилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида масофавий таълим ўқув йили охиригача давом эттирилиши маълум қилинган.