Тошкентда қаровсиз қолдирилган машинани олиб қочган эркак ЙТҲга учради — видео
Тошкент шаҳрида 2021 йил 30 март куни қашқадарёлик эркак қаровсиз қолдирилган машинани олиб қочиб, автоҳалокатга учради. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Яккасарой тумани Шота Руставели кўчасидаги 140-уй олдида турган «Nexia-2» номаълум шахс томонидан олиб қочилган. Ички ишлар бош бошқармасига келиб тушган хабарга кўра, воқеа жойида тезкор суриштирув ишлари олиб борилиб, машинани тўсиб ушлаш чораси қўлланган. Шундан сўнг ушбу автомобиль Чилонзор тумани Қирғизистон кўчаси 28-уй олдидан йўл-транспорт ҳодисасига учраган ҳолда топилган.
Олиб борилган суриштирув натижасида ушбу жиноятни содир этган А. исмли эркак яшаш манзили бўлган Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Кураш қишлоғига қочиб кетгани аниқланган. Вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари билан олиб борилган тезкор тадбирда у уйидан қўлга олиниб, тергов бўлимига олиб келинган.
Таъкидланишича, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидан Тошкентга келаётган эркак йўл давомида спиртли ичимлик истеъмол қилган. Шу куни пойтахтда чилангар бўлиб ишловчи А. қурилиш объекти бўлган ишхонасига киритилмаган ва меҳмонхонага жойлашган.
«Маст ҳолатда икки кун ичиб, пулим қолмади. Тилла узугимни сотиш мақсадида меҳмонхонадан чиқдим. Кўчада очиқ ҳолатда «Nexia-2» турганини кўрдим. Кун совуқ эди. Қарасам, калити ҳам бор экан. Машинани ҳайдаб кетаётганимда, аниқ эслай олмайман, «Lacetti» ёки «Cobalt» мени қисиб ўтди. Шундан қочаман деб Дўмбиробод маҳалласи йўлида дарахтга урилдим», — дейди айбланувчи.
Ҳолат юзасидан ушбу фуқаро Жиноят кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Аввалроқ Жиззахда маст эркак танишининг олдига бориб-келиш мақсадида бировнинг машинасини олиб қочгани ва Сурхондарёда отасининг «Жигули»сини олиб қочган йигит ЙТҲга учрагани хабар қилинган эди. Шунингдек, Тошкентда 22 ёшли йигит танишининг «Gentra»сини ўғирлаб, автоҳалокат содир этгани маълум қилинган.