AОКAда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева иштирокида 26 апрель куни бўлиб ўтган брифингда коронавируснинг «африканча» штамми қисқа муддатда ўпканинг катта қисмини жароҳатлашини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «medvestnik.ru»

Маълум қилинишича, «африканча» штамм организмга тушганида гуморал иммунитет бирламчи ишни бошлайди. Бу штамм мазкур жараёнга ўта чидамли бўлиб, гуморал иммунитет ҳужайралари бу штаммни енгиб чиқа олмайди. Натижада инсон организмида вируснинг кўпайиши кузатилади ва организмни вирус жароҳатлашни бошлайди.

«Бу штаммнинг хусусияти ҳам шундаки, мазкур штаммни юқтирган одамларда касаллик бирданига бошланиб, жадал кечади ва қисқа муддатда ўпканинг катта соҳаларини жароҳатлайди. Шу боис касаллик бошқа штаммларга нисбатан оғирроқ кечади», — дейди Севара Убайдуллаева.

Шунингдек, у «африканча» штамм бошқа штаммларга нисбатан даволаш жараёнида дориларнинг таъсири секин ва баъзи дорилар таъсир қилмаслиги ҳам мумкинлигини, шунинг учун касалликни даволашда протоколлардаги стандартлардан четланишлар кузатилса, ўта оғир ҳолатлар ривожланиши ва касалликдан тикланиш қийинроқ бўлишини қайд этган.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида коронавирус бўйича карантин назорати кучайтирилгани, Тошкент вилоятидаги мактаблар ва синфлар карантинга олингани ҳақида хабар берилганди.