Мактабгача таълим тизимида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича янги бўлим ташкил этилди
АОКАда 26 апрель, душанба куни ўтказилган брифингда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева тизимда яширин иқтисодиёт ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича янги бўлим ташкил этилганини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Вазирлик ходимининг айтишича, пора олиш ёки бериш, унга воситачилик қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги каби жиноятларнинг олдини олиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлигининг комплаенс назорат бўлими ташкил этилган.
Бўлим куйидаги вазифаларни амалга оширади:
- вазирлик ва унинг тизимида инсон омили таъсири мавжуд фаолият йўналишларини аниқлайди;
- вазирликда яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши кураш бўйича комплаенс назорат (compliance control) тизимини жорий этиш ҳамда уни такомиллаштириш бўйича иш олиб боради;
- ўз ваколати доирасида вазирликнинг соҳавий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларидаги коррупцион нормалар ва номувофиқликлар юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
- мактабгача таълим тизимидаги кадрларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида кадрлар тайёрлайди;
- бўлимга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда Мактабгача таълим вазирига киритади.
«Ўрганиш жараёнида зарурат туғилганда мактабгача таълим тизими ходимларидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар олиш ҳамда мактабгача таълим соҳасида яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли масъул давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш каби ҳолатлар ҳам мазкур тизимда амалга оширилади. Шунингдек, ‘комплаенс назорат’ (compliance control) тизимини жорий этиш мақсадида коррупцияга қарши курашиш соҳасида юқори тажрибали, рейтинги юқори ҳалқаро ташкилотлар мутахассисларини жалб этиш вазифалари киритилган», — деди вазирлик матбуот котиби.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилда содир этилган коррупциявий жиноятлар статистикаси очиқланганди. Шунингдек, республикада энг коррупциялашган идоралар қайсилиги маълум бўлганди.