Наманганда «Lacetti» юк машинасига урилиши оқибатида 2 киши вафот этди
Наманган вилояти Поп туманида 23 апрель куни «Lacetti» юк машинасига урилиши оқибатида 2 киши: машина ҳайдовчиси ва йўловчиси вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, ҳолат 23 апрель куни соат 06:30 ларда Поп тумани Тошкент—Ўш йўлининг 249-километрида содир бўлган. Фарғона вилоятида яшаган, 1987 йилда туғилган фуқаро «Lacetti» русумли автомашинани ишонч қоғози билан бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаган. Шу йўналиш бўйича йўл четида тўхтаб турган «Volvo» русумли юк автомашинасининг орқа томонига урилган.
Қайд этилишича, бунинг оқибатида «Lacetti»даги йўловчи воқеа жойида ва ҳайдовчи шифохонада вафот этган. Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Қашқадарёда «Lacetti» ҳайдовчиси рулда ухлаб қолиши оқибатида машина 50 метр пастликка қулагани ва Тошкентда чорраҳада «Nexia» автобусга урилиб, уни ағдариб юборгани хабар қилинган эди.