Ўзбекистондаги боғчаларнинг қанча ходим ва тарбияланувчиси коронавирусга чалингани маълум бўлди
Ўзбекистонда мактабгача таълим ташкилотларининг қанча ходим ва тарбияланувчилари коронавирусга чалингани маълум бўлди. Бу ҳақда 26 апрель куни АОКАда ўтказилган брифингда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева маълум қилди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Қайд этилишича, 25 апрель ҳолатига кўра, мактабгача таълим ташкилотларида коронавирус инфекцияси билан даволанган ходимлар сони 36 тани ташкил этмоқда. Шунингдек, мактабгача таълим ёшидаги болалар орасида 42 нафар тарбияланувчида касалланиш аломатлари аниқланган. 11 та мактабгача таълим ташкилоти 14 кунлик масофавий тарзда фаолиятини давом эттиришга ўтказилган.
Вазирлик матбуот котибининг сўзларига кўра, ҳозирда:
- Тошкент шаҳрида 25 нафар тарбияланувчи ва 28 нафар ходим даволанмоқда. МТМлардан 8 таси 14 кунлик онлайн режимга ўтказилган.
- Самарқанд шаҳридаги 1, 2, 31 ва 80-сонли мактабгача таълим ташкилотларида 4 нафар тарбияланувчи ва 2 нафар тарбиячида коронавирус аниқланган. Ташкилотларда коронавирус инфекцияси аниқланганлиги сабабли 27 апрелдан бошлаб Самарқанд шаҳридаги барча мактабгача таълим ташкилотларида 14 кунлик карантин жорий этилди. Ушбу ташкилотларда машғулотлар масофавий шаклга ўтказилган.
- Сирдарё вилоятининг 4 нафар тарбияланувчисида касаллик аломатлари бўлиб, тўртта ҳолат Гулистон шаҳрида, уларнинг учтаси 9-сонли, биттаси эса 19-сонли мактабгача таълим ташкилотларида аниқланган.
- Сурхондарё вилояти Музработ тумани 3-сонли мактабгача таълим ташкилотида 2 нафар тарбияланувчида касалланиш аломатлари аниқланиб, гуруҳи ёпилган. Қумқўрғон тумани 3-сонли мактабгача таълим ташкилотида 1 нафар тарбияланувчисида аниқланиб, ташкилот фаолияти вақтинча тўхтатилган.
- Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги 39-сонли мактабгача таълим ташкилотининг 1 нафар тарбияланувчисида ҳам касалланиш ҳолати кузатилган.
- Навоий вилояти Кармана туманидаги 21-сонли мактабгача таълим ташкилотининг 2 нафар ходимида касалланиш аломатлари аниқланган. Юқорида келтирилган мактабгача таълим ташкилотлари 14 кунлик масофавий таълим ва тарбия бериш режимига ўтказилган.
- Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани мактабгача таълим бўлими ходимларининг бирида ҳам касаллик аниқланган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Самарқандда боғча ошпази пишган овқатга хом товуқ гўшти солгани аниқлангани, Сурхондарёдаги боғчада болани бақириб қўрқитган тарбиячи ишдан олингани ҳамда Фарғонада тарбиячининг қўлидан қошиқ чиқиб кетиши оқибатида боғча боласи бир кўзидан айрилгани ҳақида хабар берилганди.