Самарқандда коллеж ва техникумлар 14 кунга масофавий таълимга ўтказилади
Самарқанд шаҳридаги коллеж ва техникумларда 27 апрелдан 14 кунга масофавий таълимга ўтказилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Хабарга кўра, Самарқанд шаҳрида таълим олаётган ўқувчи-ёшларда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари кузатилгани сабаб шаҳардаги барча касб-ҳунар мактаби ҳамда коллеж ва техникумларда 14 кунлик карантин жорий этилган.
Таъкидланишича, 27 апрелдан онлайн таълим тизими йўлга қўйилади. Муассасаларга кираётганлар орасида коронавирусни юқтириб олиш ҳолатлари кузатилмаса, анъанавий таълимга ўтилади.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги мактабгача таълим муассасалари ва Самарқанд давлат чет тиллар институтининг академик лицейи 27 апрелдан масофавий таълимга ўтгани маълум қилинган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 243 та мактаб масофавий таълим тизимига ўтказилгани, шунингдек, Самарқанд шаҳридаги барча мактаб ва мактабгача таълим муассасалари 14 кунга ёпилиши хабар қилинган.