Самарқандда ўзбек-фин педагогика институти ташкил этилади
Самарқандда Финляндия делегациясининг 8–13 апрель кунлари ташрифи давомида Самарқанд давлат университети қошида ўзбек-фин педагогика институти ташкил этилиши белгиланган. Бу ҳақда «Янги Ўзбекистон» хабар берди.

Хабарга кўра, Ташқи ишлар вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Финляндиянинг Ўзбекистондаги консуллиги ҳамда «FinEst Bay Area» ва «Edunation Finland» компаниялари ҳамкорлигида Ўзбекистон–Финляндия таълим трансформацияси бўйича онлайн учрашув бўлиб ўтган. Унга кўра, Самарқанд давлат университети ва Финляндиянинг Турку университети ўртасида меморандум имзоланган ва Самарқанд давлат университети қошида ўзбек-фин педагогика институти ташкил этилиши айтилган.
Таъкидланишича, 2025 йилгача Финляндия билан ҳамкорликда тузиладиган таълим лойиҳаларига жалб этиладиган талабалар сони 10 000 нафарга етказилиши мўлжалланган ва Ўзбекистонда Финляндия олий таълим муассасалари филиалларини очиш режалаштирилган.
Шунингдек, Бухоро давлат университети, Қўқон университети ва Низомий номидаги Тошкент педагогика университети ҳам бу борада ҳамкорликни йўлга қўйишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент давлат юридик университети дунёнинг Топ-500 университетлари рўйхатига киргани хабар қилинган.