«Свет-газ» муаммоси, сўз эркинлигига эришиш ва очиқлик сиёсати — Президентнинг беш йиллиги таҳлили

Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимига келганида дунё ҳамжамияти Ўзбекистонни ёпиқ бўлган мамлакат сифатида тасаввур қиларди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бўлган. Ўтган беш йил давомида эса Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон учун янги даврни бошлаб берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу муддатда Ўзбекистон Мирзиёев қўл остида нималарга эришди? Қандай ҳал этилмаган муаммолар кутиб турибди? 5 йил — жуда қисқа муддат, аммо президентлик сайловлари шунча муддатда бўлишини ҳисобга олсак, лавозим эгаси ўзининг режаларини шу муддатга қараб тузиши ва бажариши лозим. Қуйида адолатдан бўлиши учун камчиликлар ва энг кўзга кўринган ютуқларни баравар кўриб чиқамиз.

Муаммолар

«Свет» ва газ муаммоси

Халқнинг бирламчи эҳтиёжи бўлган электр энергияси ва газ муаммоси ҳали ҳам кўпчиликни қийнайди. Бу муаммонинг долзарблиги қиш фаслига келиб бир неча бараварга ошади. Қишлоқларда одамлар «қишдан эсон-омон чиқиб олиш» учун яшайди. Аммо тизим шу даражада абгорки, уни ислоҳ қилиш учун бир неча йиллар кетади. Аммо ҳаракат ва ўзгариш йўқ эмас, бор.

Муаммолар кўпинча бир-бирига боғлиқ бўлади. Улар бир-бирини «қўллаб-қувватлайди». Қуйида тўхталадиган муаммо нафақат бирламчи эҳтиёжлардаги муаммоларга, балки бутун бошли давлатдаги муаммоларга таъсир қилади, уларни кўпайтирса кўпайтирадики, асло камайтирмайди.

Коррупция

Шавкат Мирзиёев Президент бўлганидан бери деярли ҳар ойда бир нечта амалдор пора билан қўлга олингани ҳақида хабарлар ўқиймиз. Бу — тизим коррупцияга ботганидан далолат. Давлат раҳбари ҳам деярли ҳар бир сафарида, ҳар бир селекторида коррупция муаммосига тўхталади, буни эътироф этади, йўқотиш кераклигини таъкидлайди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бир нарсага алоҳида тўхталиб ўтиш керак: коррупция фақат пора дегани эмас. У ҳар қандай кўринишда бўлиши мумкин. Совға-салом, шахсий манфаатлар, таниш-билишчилик — жамики жамият манфаатларига зарар eтказадиган омил — коррупция. Масалан, энг кўп коррупцион ҳолатлар қайд этиладиган идоралар учлигида Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Қурилиш вазирликлари туради. Яна занжир.

Жамоатчиликка давлат шартномаларини кузатиш имконини берувчи Давлат харидлари порталининг ишга туширилиши, Антимонополия қўмитаси ташкил этилиши ва амалдорларнинг даромадларини декларация қилишни кўзда тутувчи қонуннинг ишлаб чиқилиши мамлакатни коррупция балосидан қутқаришда асосий қурол бўлишига ишонамиз.

Тиббиёт

Охирги йилларда сифатсиз тиббий хизмат қабул қилиб келган ўзбекистонликларнинг чет элга уюштириладиган «тиббий сафарлари» анча камайди. Аммо тиббиётнинг умумий аҳволи қониқарли эмас. Мамлакатнинг коррупцияга ботиб кетган вазирлиги бу борада етарлича ишлар амалга оширолмади. Бу, айниқса, коронавирус пандемияси даврида билинди. Бизнинг тиббиёт бунга тайёр эмаслиги, бундай босимни кўтара олмаслиги тан олинди. Аммо қайсидир маънода пандемияни ҳам енгдик, энди доимги тиббий хизматларни яхшилаш вақти келди.

Пойтахтда тез ёрдам машиналарининг бутунлай янгиланиши, замонавий ва хусусий тиббиёт марказларининг кўпайиши чекка ҳудудларга ҳам замон талабларига жавоб берувчи ҳамда сифатли тиббиёт етиб боришига сабабчи бўлишига умид қиламиз.

Ишсизлик

Мамлакатда ишсизлик муаммоси анча йиллардан буён изғиб юргани ҳеч кимга сир эмас. Муаммони ҳал қилиш мақсадида ҳар хил дафтарлар жорий этилмоқда, аммо ҳали бунинг таъсири аҳоли ҳаётида унчалик акс этаётгани йўқ.

Ҳали ҳам миллионлаб мигрантлар «энг арзон ишчи кучи» сифатида чет давлатларда юрибди. Биринчи навбатда Ўзбекистонда ишсиз юрганларни иш билан таъминлаб, чет элда юрганларни ҳам қайтаришга шароит яратиш керак. Қилинадиган иш кўп.

Таълим

Мамлакатнинг, халқнинг, миллатнинг келажагига киритиладиган инвестиция таълимга ажратилган маблағларда акс этади. Келажак авлод илм олиши учун етарли шароитлар яратилмаётгани, ажратилган пулларнинг ўзи жойига ўз вақтида сарфланмаслиги юқоридаги муаммоларнинг такрорланаверишига олиб келади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, таълим ҳам энг коррупциялашган соҳалардан бири. Ва, яна айтганимиздек, бунинг барчаси занжир бўлиб шаклланади.

Университетларда қабул квотасининг оширилиши, хорижий ОТМларнинг филиaллари кўпайиши ва кириш имтиҳонларидан коррупциянинг йўқолиши сифатли таълимга қўйилган илк қадамлардан бири деб қабул қиламиз ва бундан яхши бўлишига умид қиламиз. Ният ва ҳаракатда гап кўп.

Умид қиламизки, яқин келажакдаги авлод юқоридаги муаммолар билан фақатгина тарих китоби орқали таниш бўлади, холос.

Муаммолар бор, улар тан олиняпти, бу яхши. Шу билан бирга, эришилган ютуқлар ҳам эътироф этилиши зарур.

Ютуқлар

Сўз эркинлиги

Чорак асрда илк марта Президент алмашганидан сўнг ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда фаол бўла бошлади. Танқидлар кўпайди. Президент ҳам буни талаб қилди, талаб қилиб келмоқда. Иқтисодиётда «талабга яраша таклиф бўлади» деганларидек, ҳукумат вакиллари, энг юқори поғонадаги мансабдорлардан тортиб то қуйидагисигача танқидга муносабат билдиришни бошлагани бунинг яққол далилидир. Президент журналистлар билан суҳбатлашадиган бўлди, ҳатто «нозик» мавзуларда ҳам фикр билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Гарчи бу ютуққа тўлиқ эришилди дея олмасак-да, уни биринчилардан санаб ўтишимиз зарур. Чунки илгари Президентнинг фаолиятини таҳлил қилиш тугул чойхоналарда ошна-оғайнилар билан сиёсат ҳақида фикр алмашиш қўрқинчли эди. Ҳозир фарқ катта, фарқни эса оширишда давом этиш керак.

Валюта ва пул ислоҳоти

Доллар, пластик, ўзбек сўми, фоизлар — ўзбекистонликларнинг азалий оғриқли нуқтаси бўлган, десак ҳам бўлади. Қора бозор эса «қадрдон»га айланган. Қонуний конвертация мумкин бўлмаган жойда бошқа нарса бўлиши мумкинми? Бу саволга у пайтлар «қора бозор»дан «йўқ», деган қатъий жавоб келар эди. Аммо ҳозир ҳаммаси қонуний, конвертация эркин.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан 10 йил олдин пластик картаси бор инсон сарсон-саргардон бўлар эди. Савдо дўконларида пластик карталар йўқ, одамлар банкомат нималигини ҳатто билмас, нақд пул қилмоқчи бўлган одам эса «отнинг калласидек» фоиз эвазига қилдириши мумкин эди. Бирор дўкондан пластик карта орқали маҳсулот харид қилмоқчи бўлган одамга очиқдан-очиқ қимматроқ нарх айтиларди. Ҳозирга келиб ҳар қадамда банкомат, ҳамма ерда тўлов туридан қатъи назар, нархлар бир хил.

Очиқлик сиёсати

25 йил давомида бир Президентни сайлаб келган халқ «очиқлик сиёсати» нима эканини унутиб юбора ёзган эди. Шавкат Мирзиёев лавозимга киришганидан сўнг қўшни мамлакатлар билан муносабатлар тикланди, ҳамкорликлар қайта йўлга қўйилди. Дунёнинг турли нуқталаридаги давлатлар билан ҳам муносабатлар ўрнатилди. Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон дунёга очилди. Ўз навбатида, дунё ҳам буни эътироф этди.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Бундан ташқари, ҳукумат ҳам халққа яқин бўлгани яққол сезилди. Ҳукумат вакиллари халқ олдида ҳисобот беришни, халқ эса буни талаб қилишни бошлагани бу ўзгаришнинг яққол далилидир.

«Тоза тошкенлимисиз, ока?!» — «прописка»

Шу пайтгача Ўзбекистонда бир эмас, иккита автоном республика бор, деган ҳазиломуз, аммо чинга яқин гаплар юрар эди. Тошкентнинг алоҳида республика сифатида қабул қилинишига «прописка» балоси сабаб бўлган. Узундан-узун постлар, мақолалар ёзилди, битмас-туганмас баҳслар юритилди, кимдир қарши бўлди, кимдир ёқлади. Тошкентдаги «прописка» муаммосига баъзилар иқтисодиётга солинган «кишан» эмас, балки «Тошкентда одам кўпайиб кетишининг олдини олувчи восита» сифатида қарарди. Аммо барчаси ҳал бўлди — «тоза тошкенлик» бўлиш муаммо бўлмай қолди.

Вилоятдан вилоятга эркин ҳаракат

Авваллари бир вилоятдан бошқа бир вилоятга машинада бориш учун 1–2 соат қўшимча вақт ҳисобга олинар эди. Бу вақт йўлларда қўйилган постларда ўтар, соатлаб навбат кутиларди. Буни, айниқса, водийликлар яхши билади. Ҳар бир йўловчининг паспортини текшириш, «шубҳалилар»ни сўроқ қилиш анча вақт талаб этарди.

Фото: «Kun.uz»

Ҳозир замон ўзгарди: постлар йўқолди, одамлар вилоятдан вилоятга эмин-эркин ҳаракатлана бошлади. Сақлаб қолинган постларда ҳам ҳозир йўловчилардан шахсни тасдиқловчи ҳужжат талаб этилмайди.

Эслатиб ўтамиз, юқоридаги мулоҳазалар мутлақ ҳақиқатга даъво қилмайди.

Миржалол Қосимов, колумнист

Эслатиб ўтамиз, муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назаридан фарқ қилиши мумкин

«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Янгиликлар21:24 | 28.1.23
«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
Янгиликлар20:51 | 28.1.23
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Янгиликлар20:17 | 28.1.23
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Янгиликлар19:44 | 28.1.23
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Ўзбекистонда чиқиндилар газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани қуриш бошланди
Янгиликлар18:50 | 28.1.23
Ўзбекистонда чиқиндилар газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани қуриш бошланди
Самарқандда светофорнинг қизил чироғига ўтган автобус пиёдалар ҳаётига жиддий хавф солди — видео
Янгиликлар17:22 | 28.1.23
Самарқандда светофорнинг қизил чироғига ўтган автобус пиёдалар ҳаётига жиддий хавф солди — видео