Тошкент вилоятида профилактика инспектори фуқарони ноҳақ қамагани айтилган видеога муносабат билдирилди
Тошкент вилояти Чиноз туманида маҳалла фуқаролар йиғинига келган фуқарони профилактика инспектори ноқонуний қамагани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят ҳокимлиги ҳолат юзасидан баёнот берди.

Хабарга кўра, 2021 йил 21 апрель куни фуқаро А.О. ўзининг Facebook саҳифаси орқали тўғридан-тўғри эфирга чиқиб, қариндоши М.Х. билан биргаликда ҳудудий ИИО ходимлари томонидан чақиртирилмаган бўлса-да, Сарбозор МФЙ идорасига (шу идорада ташкил этилган 29-сонли ҳуқуқ-тартибот масканига) кириб келган. Шу вақтда хизмат хонасида бўлган профилактика инспектори Т.Наркулов фуқародан тасвир (тўғридан-тўғри эфир)га олишни тўхтатишни талаб қилган. Профилактика инспектори бу вақтда унинг хизмат хонасида ўзаро низоли ҳолат юзасидан мурожаат билан келган бошқа фуқаролар борлиги ва улар билан ишлаётган вақтида фуқароларнинг шахсий дахлсизлиги, уларнинг юзи, инспекторнинг хонасида экани, шахсий маълумотлари ошкор бўлишининг олдини олиш мақсадида тўғридан-тўғри эфирни тўхтатишини талаб қилган ва фуқаро қонуний талабни бажармагач, тасвирга олинишига чек қўйган.
Қайд этилишича, фуқаро А.О.дан ИИО ходимлари томонидан чақиртирилмаган бўлса-да, нима масалада келганини ва ҳолат юзасидан тушунтиришини сўраганида у турли саволлар бериб, инспекторнинг қонуний талабларига бўйсунмаган. Бошқа фуқароларнинг эътиборини жалб этган ҳолда инспекторга қаршилик кўрсатган. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида 23 апрель куни Тошкент вилояти ЖИБ Чиноз тумани судида судья Р.Р. раислигида суд мажлиси бўлиб ўтган.
Маълум қилинишича, судда гувоҳларнинг кўрсатмалари А.О.нинг оилавий аҳволи ва ўз айбига иқрорлиги инобатга олиниб, фуқаро А.О. Маъмурий жиноят тўғрисидаги кодекснинг 194-моддасининг 1-қисми ва 195-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилган ва кодекснинг 34-моддасига тартибида 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Мавзуга доир: Тошкентда ИИБ ходимлари тадбиркор аёлни ноқонуний қўлга олгани тўғрисидаги хабарга изоҳ берилди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарёдаги бозорда Миллий гвардия ва ИИБ ходимлари одамларни мажбурлаб автобусда олиб кетгани ҳақидаги хабарга изоҳ берилган эди. Шунингдел, Андижонда ҳоким қабулига келган фуқаролар ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилаётгани акс этган видео юзасидан баёнот берилганди.