Андижонда ҳайдовчига қўпол муомалада бўлган ЙПХ ходими иши бўйича маълумот берилди — видео
Андижон шаҳри Бобур шоҳ кўчасида 26 апрель куни хизмат олиб бораётган йўл-патруль хизмати ходимининг ҳайдовчига қилган қўпол муносабати юзасидан маълумот берилди.

Таъкидланишича, 27 апрель куни ижтимоий тармоқларда «Саводсиз, муомаласиз ЙПХ ходими» сарлавҳаси остидаги видеолавҳа тарқалган. Ўрганишлар натижасида воқеа 26 апрель куни Бобур шоҳ кўчасида жойлашган «Гумбаз» масжиди атрофида содир бўлгани аниқланган. Шу куни ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходими томонидан назорат олиб борилган. Хизмат давомида «Damas» автомобили тўхтатилган, лекин ходимнинг бодикамера мосламаси йўқлиги ва унинг муомала маданиятидан ҳайдовчиси норози бўлган.
Маълум қилинишича, ҳозирда ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими томонидан текширув ўтказилмоқда.
Аввалроқ Ангренда ЙПХ ходими шахсий автомобилида «Damas»ни қувиб юргани ҳақидаги хабарга изоҳ берилгани, шунингдек, Тошкентда фуқаро билан кўпол муомалада бўлган ЙПХ ходими акс этган видеога изоҳ берилгани маълум қилинган.