Бугун оқшоми. Ўзбекистонга келишда давом этаётган вакциналар, аёлларнинг трассадаги норозилиги, Марс саёҳатининг хавфи ва 27 апрелнинг муҳим хабарлари

Бугунги куннинг энг муҳим хабарлари билан қуйидаги дайжестда танишиб чиқишингиз мумкин.

Ўзбекистонга яна 1 миллион доза ўзбек-хитой вакцинаси олиб келинди. «Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd» компанияси томонидан ўзбекистонлик мутахассислар ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқилган «ZF-UZ-VAC2001» вакцинасининг иккинчи партияси бугун, 27 апрель куни Хитойдан Тошкентга олиб келинди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Шундай қилиб, Ўзбекистон вакцина захирасига яна бир миллион доза «ZF-UZ-VAC2001» келиб қўшилди. Аммо ҳозир уларнинг умумий сонини аниқлашнинг иложи йўқ. Чунки куни-кеча етиб келган «Спутник V» вакцинаси неча дозада экани маълум эмас.

Шу кунгача мамлакатдаги вакцинация жараёнлари учун жами 1 миллион 660 минг доза вакцина захирасидан («AstraZeneca» ва «ZF-UZ-VAC2001») фойдаланилмоқда. Айни пайтгача эмланган 565 минг нафардан ортиқ аҳолининг 46 фоизи, яъни 263 минг нафардан ортиғи айнан хитой-ўзбек вакцинаси билан эмланган. Бу вакцина билан эмланганлар сони 65 ёшдан юқорилар орасида 148 минг нафарни, тиббиёт ходимлари орасида 114 минг нафардан ортиқни ташкил қилган.

Қашқадарёда маҳаллий аҳоли қишлоқ яқинида мактаб қуриб беришни сўраб, машиналар йўлини тўсиб қўйди.

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Оқтўнли қишлоғида яшовчи бир гуруҳ аёллар фарзандлари қўшни қишлоқдаги мактабга қатнаб ўқиш учун қийналаётгани сабаб ўз қишлоғида мактаб қуриб беришни сўраб, машина йўлига чиқди.

Фото: Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Уларнинг айтишича, Хўжаобод қишлоғидаги мактабга бориш учун Қарши–Самарқанд автомобиль йўлидан кесиб ўтишлари хавфли. Шу сабабли улар айнан Хўжаобод қишлоғидан ўтган ўша йўлни тўсган. Уларнинг норозилигига асосий сабаб шу қишлоқда яшовчи 1-синф ўқувчиси айнан шу трассада ЙТҲ оқибатида вафот этгани бўлган.

Аҳолининг норозилигидан сўнг туман мутасадди раҳбарлари томонидан Қумдарё МФЙ ҳудудида қурилаётган мактабнинг қурилишини тезлаштириш ва 2021 йилнинг 1 сентябрь кунигача янги мактаб қуриб топшириш режалаштирилгани маълум қилинди. Кейинчалик Сенат ҳам ҳолат юзасидан баёнот бериб, вазият назоратга олингани ҳақида хабар берди.

Давлат солиқ қўмитаси депутат Расул Кушербаевни кўрсатувда айтган гаплари учун судга берди. Депутат устидан ариза Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига киритилган. Бунга Расул Кушербаевнинг «Сўз блогерларга» кўрсатувининг 23 февралдаги сонида айтган ҳақоратомуз сўзлари сабаб бўлган. Депутатнинг хатти-ҳаракатлари солиқ органларига 4,6 миллиард сўм миқдорида зарар етказгани даъво қилинмоқда.

Фото: «Kun.uz»

Қўмита депутат Кушербаевдан ўзининг сўзларига раддия бериши ва кечирим сўраши лозимлигини айтган. Расул Кушерваевнинг ўзи ҳали бу ҳолат бўйича ҳеч қандай чиқиш қилгани йўқ.

Ўзбекистонда чақирилган ҳар бир тез ёрдамдаги дори-дармонлар учун 6500 сўм ажратилади. Аввалари бу 500 сўмни ташкил қилар эди. Маълум қилинишича, сўнгги йилларда тез тиббий ёрдам тизимида битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағ 10 баробардан зиёдга оширилган. Шунингдек, мамлакатда тез ёрдам шохобчалари сони икки баробарга кўпайган — 1666 та.

Хўш, оламда нима гап?

Илон Маск Марсга саёҳат қилишни хавфли деб айтди. «SpaceX» ва «Tesla» раҳбари Қизил сайёрага саёҳат қилиш хавфли, ноқулай бўлиши, кўп вақт талаб этиши ва, энг асосийси, инсон тирик қайтиб келмаслиги мумкинлигини қайд этган.

Франция президенти Макрон ва Путин Украинадаги вазиятни муҳокама қилди. Икки президентнинг телефон орқали суҳбатида «Киевнинг провокацион ҳаракатлари»га эътибор қаратилган. Президентлар Украинанинг жануби-шарқида кескинлик кучайганидан хавотирда.

«Келажакдан-да олдинда»: Хитой 2024 йилда сайёралараро станцияни ишга туширади. «Чанъе-6» сайёралараро станцияси Ойни тадқиқ қилиш миссияси доирасида ишга туширилмоқда. Станцияни Россия, Франция, Швеция ва Италия ускуналари билан жиҳозлаш режалаштирилган.

Украина президенти Владимир Зеленский яна Қрим яқинидаги ҳарбий лагерга борди. У ерда президент хандақларни кўздан кечирган ва ҳарбийлар билан суҳбатлашиб, шахсий таркибни жойлаштириш шароитлари билан танишган.

Фото: Украина президентининг расмий саҳифаси

Зеленский қўшниларнинг чиқиб кетиши армия тайёр бўлмаслиги керак дегани эмаслигини таъкидлаган. Шунингдек, у қўшинлар мамлакатга ҳар қандай дақиқада кириб келиши мумкинлигини айтиб ўтган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Абдумавлон Қосимов Тошкент шаҳар депутати лавозимидан озод қилинди
Янгиликлар10:59 | 28.1.23
Абдумавлон Қосимов Тошкент шаҳар депутати лавозимидан озод қилинди
ДХХ Human.uz нашрининг раҳбарияти билан боғлиқ иш юзасидан қўшимча маълумот берди
Янгиликлар19:01 | 27.1.23
ДХХ Human.uz нашрининг раҳбарияти билан боғлиқ иш юзасидан қўшимча маълумот берди
Human.uz нашри раҳбарияти «орган ходимлари» томонидан қўлга олиниши юзасидан қўшимча маълумот берилди
Янгиликлар18:42 | 27.1.23
Human.uz нашри раҳбарияти «орган ходимлари» томонидан қўлга олиниши юзасидан қўшимча маълумот берилди
Human.uz нашри раҳбарияти «орган ходимлари» томонидан қўлга олинди. Улар товламачиликда гумонланмоқда
Янгиликлар16:38 | 27.1.23
Human.uz нашри раҳбарияти «орган ходимлари» томонидан қўлга олинди. Улар товламачиликда гумонланмоқда
Тошкентда бир йилда ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар сони 136 нафарни ташкил этган
Янгиликлар14:20 | 27.1.23
Тошкентда бир йилда ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар сони 136 нафарни ташкил этган
Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг депутатлик ваколати муддатидан олдин тўхтатилди
Янгиликлар13:59 | 27.1.23
Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг депутатлик ваколати муддатидан олдин тўхтатилди