Депутатлар давлат идораларига мурожаатлар давлат тилида бўлиши кераклиги ҳақидаги таклифни маъқулламади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари давлат идораларига мурожаатлар давлат тилида бўлиши кераклиги ҳақидаги таклифни маъқулламади. Бу ҳақда палата ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 27 апрель куни ўтказилаётган Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси бўлиб ўтган. Лойиҳанинг 12-моддаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган.
Мазкур лойиҳанинг 12-моддасига «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси қуйидагича таклиф берган:
«Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади. Бошқа тилларда мурожаат қилинган тақдирда мурожаат матнининг давлат тилига таржимаси илова қилиниши шарт. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар давлат тилида баён қилинади».

Бироқ фракция томонидан берилган таклиф маъқулланмаган. Овоз бериш натижаларига кўра, бу таклифни 58 нафар депутат маъқуллаган, 48 вакил қарши чиққан, 12 киши овоз бермаган ва 5 вакил бетараф қолган.
Қайд этилишича, мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг аксарият моддалари қабул қилинган. Лойиҳанинг 12-моддаси масъул қўмита томонидан такомиллаштириладиган бўлди.